Доналд Трамп AҚШ президенти лавозимини топширишидан бир кун аввал Қарши–Хонобод аэродромида хизмат қилган америкалик ҳарбийларга оид фармон имзолаган эди.

Доналд Трамп
Фото: Reuters

Ҳужжатда 2001–2005 йилларда Қарши–Хонобод аэродромида ҳарбий хизмат ўтаган ҳарбийларга жанговар амалиётлар ўчоғида иштирок этиб қайтган уруш фахрийлари мақомини бериш ва уларнинг токсик таъсирланган бўлиши мумкинлигига аниқлик киритиш топшириғи қўйилган.

Бу йиллар давомида Aфғонистондаги аксилтеррор кампанияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган 15 777 нафар америкалик ҳарбий хизматчининг 75 фоизи кейинчалик саратон ва бошқа касалликларни орттиргани айтилмоқда. Бунга Хонобод аэродромида радиация ва токсик нурланиш мавжудлиги сабаб сифатида тахмин қилиняпти.

Фото:  U.S. Air Force

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижоновга кўра, Қашқадарёдаги Хонобод аэродроми бир пайтлар кимёвий дорилар ортилган самолётлар учун мўлжалланган аэродром бўлган. Бу ерда инсоннинг нафас йўлларига таъсир кўрсатадиган даражадаги дорилар далаларга сепиш учун сақланган.

Боқижонов аэродром ҳарбийлар тасарруфидаги қўриқланадиган зона бўлгани учун у ерга киришнинг имкони бўлмагани, шу сабабли ҳудуднинг экологик ҳолати ўрганилмаганини таъкидлади. Қўмита ОАВда эълон қилинган маълумотлар ортидан аэродромни текшираётгани маълум қилинди.

Ўзбекистон мудофаа вазирининг матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров 16 феврал кунги матбуот анжуманида Хонобод аэродромида радиация ва токсик нурланиш мавжудлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ бериб, бу мутахассис бўлмаган одамларнинг фикри эканини таъкидлади