Биз кўпинча бирор нарса ҳақида кўп гапирилаётганини, қонун, фармон ёки қарор қабул қилинаётганини, қандайдир тузилмалар ташкил этилаётганини, уларга тегишли кампаниябозликни гўё шу билан муаммолар ҳал бўлиб қоладигандай қабул қиламиз, дўппимизни осмонга отамиз, кимларнингдир отини турлаш-туслашга тушиб кетамиз.

Бироқ орадан 30 йил ўтиб қарасакки, ҳеч нарса ўзгармабди: ҳаммом ҳам ўша-ўша, тос ҳам ўша-ўша.

Агар қонун ёки фармон қабул қилиниши билан иш битганда, давлат тилига 2005 йилда, лотин алифбосига эса 2010 йилда тўлиқ ўтиб кетган бўлар эдик. Шунинг учун кампаниябозликка ишонмасдан, ҳаққимизни талаб қилмас эканмиз, бундан кейин ҳам вазият ўзгариши қийин. Бу – масаланинг фақат ўзимизга тегишли бир жиҳати, холос.

Ундан ҳам кам бўлмаган яна бир ташқи таъсир омили бор. У ҳам бўлса, Россияда неоимпериалистлар қайта бош кўтараётгани ва жон-жаҳди билан собиқ СССРни тиклашга уринаётганидир. Бунинг учун Москва «арсенали»даги барча воситалар ишга солинмоқда: қўшни республикалар ҳудуди Россияники деб даъво қилинмоқда, «русцентризм» йўриғига юрмаётганларга ҳар хил иқтисодий босимлар ўтказилмоқда (Молдова, Грузия, қисман Ўзбекистон), тил сиёсати масаласида уларнинг ички ишларига аралашилмоқда (Украина, Молдова, Ўзбекистон).

Яқиндагина кузатилган помидорга тақиқ ёки рус сиёсатчилари ҳадеб Ўзбекистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига киришга ундаётгани – бундай хатти-ҳаракатларнинг кўринишларидир.

Яна шуни ҳам қайд этиш жоизки, янги мустақил республикаларда неоимпериалистларнинг бу очкўз талабларига «лаббай» деб жавоб берадиган советпарастлар ҳам, ҳокимиятда қолиш учун Москвага ён беришга тайёр сиёсатчилар ҳам, афсуски, истаганча топилади.

Бундан 3–4 йил олдин Россиянинг ўз таъбири билан айтганда, исми ўзбек бўлган «чет эл агентлари»нинг ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ўзбекистонга сафари олдидан рус тилининг мақомини ошириш талабини ўзбек ҳукумати олдига қўйишни сўраб қилган мурожаатини эслайлик.

Энг ачинарлиси, сўнгги пайтларда тил масаласида ҳам ён бериш, яъни рус тилини иккинчи расмий тил сифатида сақлаб қолиш, айрим атамаларни Кремлга ёқиш учун русчалаштириш, миллий тил давлат тили саналган мамлакатларда рус тилининг қўлланиш доирасини кенгайтиришга уриниш, постсовет республикалари раҳбарларининг нафақат чет мамлакатлар вакиллари билан рус тили орқали музокара қилиш, ҳатто ўз халқига русча мурожаат қилиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Бу тамойилга айланиб кетаётгани ёмон.

Шунинг учун тез орада давлат тили ҳақидаги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, унинг талабларини бузганлик учун тегишли жавобгарлик чоралари аниқ белгиланиб, иссиғида лотин алифбосига ўтиб кетилмаса, ҳозирги икки алифболи шармандали ҳолат узоқ сақланиб қолаверади, чунки сўнгги йилларда Россиянинг постсовет макони, хусусан, Марказий Осиё республикаларига босими тобора ортиб бормоқда. Модомики, ҳукумат Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши юзасидан Россия босимига жавобан тилни ривожлантириш ҳақида ҳужжатлар қабул қилиб, Вазирлар Маҳкамаси қошида Давлат тилини ривожлантириш департаментини тузган экан, миллий тилни асраб қолиш ва ривожлантириш нафақат миллатнинг кўтарилишига, қолаверса, неоимпериалистларнинг босимига қарши туришга хизмат қилишига ишонгиси келади одамнинг.