Мантиқ деган соҳа бор. У инсон онгининг бир жабҳаси бўлиб, ҳаракатларни тўғри қилишга, яъни инсон ҳаракатлари ўша инсонга зарар эмас, фойда келтиришига хизмат қилади.
Масалан, одамга ўзи ўтирган дарахт шохини арралаш – пировардида «ноқулайлик» келтиришини айнан оддий мантиқ англатади. Табиийки, «мантиқ аппарати» бузилса, киши «ўзи ўтирган шохни арралаш»га мойил бўлиб қолади.
Муаммоларни ошкор қилиш – шаҳар/туман/вилоятни бутун республикага, миллат ва давлатни эса дунёга шарманда қилиш деган «мантиқсиз ғоя», кайфият одамларда эндигина пайдо бўлиб қолгани йўқ – сўз эркинлигини бўғиш бошланган пайтда мафкуранинг бир қисми ўлароқ шакллана бошланган. Ҳозирги кунга келиб, сўз эркинлигига йўл берилаётган даврда – бу иккиси ҳар қадамда тўқнашиб қолмоқда: бир томон ечим топилишини истаб муаммоларни очишга уринаётган бўлса, бошқа тарафдагилар биринчи тарафни миллат, давлат шаънига путур етказишда айблаб, нафрат билан қарашмоқда.
Оддий мантиққа мурожаат қиладиган бўлсак, миллат, давлат шаънига айнан муаммоларнинг кўплиги салбий таъсир этади. Зеро, айнан ечилмаган муаммолар йиғилиб-йиғилиб, нохуш манзара ҳосил қилади ва мамлакатни шарманда қилади. Таъбир жоиз бўлса, ўнта муаммони яширолсангиз ҳам, бу ёқда ҳал қилинмаган муаммолар «мана мен» деб туради ва бу билан умумий манзарани барибир кўрсатиб қўяди, у ёқда ўнта муаммо яширилиши эса барибир об-ҳавони ўзгартиролмайди.
Зотан, дунё ҳамжамияти олдида обрў қозониш учун ўнта муаммони яшириш эмас, юзта муаммони баралла эътироф этиш ва ҳал қилиш даркор. Обрў-шаънимиз умумий манзарамиз билан боғлиқ бўлиб, уни эса кўплаб омиллар мажмуаси кўрсатади. Дунё ҳамжамияти шу мажмуага (кўрсаткичларга) қараб ҳолатимизга баҳо беради. Муаммоларни яширишга уриниш эса обрўйимизни янада туширади, кўтармайди.
«Ўзбекмисан?!»
Шу ерда айтиш керакки, муаммоларни ошкор қилишга қарши бўлган тоифа негадир муаммоларни ошкор қилаётганларга қараб «ўзбекмисан?!» деган таҳдид аралаш савол бериши ҳолатлари учраб туради...
Хусусан, Kun.uz мухбирлари ҳам иш давомида бир неча бор шундай реакцияга дуч келишган. Муаммоларни кўтаришга келганларни бундай қарши олганлар бу билан «ўзбек бўла туриб, нега муаммоларимизни ошкор қиляпсан, ўзбек ўз мамлакатидаги муаммоларни ошкор қилмаслиги керак ё сен ўзбекмасмисан?» демоқчи бўлади.
Яъни муаммоларни кўрганда уларни айланиб ўтиш ёки бориб бирор масъулга айтиш (гўё бу билан муаммо ҳал бўладигандек) асл ўзбекка хос хислат, бундай қилмаса, унинг ўзбеклигига шубҳа бор, деган луқма ётади бу ерда.

















