Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясини бошқариш транспорт вазири Илҳом Рустамович Маҳкамовга юклатилди. Kun.uz манбаларига кўра, эндиликда у бир вақтнинг ўзида иккита лавозим эгаси саналади.

Бугун куннинг биринчи ярмида парламент депутатлари Маҳкамов номзодини транспорт вазири лавозимига маъқуллади. У 5 ойдан буён вазир вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётганди.
Шунингдек, бош вазир Абдулла Арипов бугун, 22 февраль куни Раъно Фрунзевна Жўраевани Uzbekistan Airports'нинг янги раҳбари сифатида таништирган. Бу ҳақда компания кузатув кенгаши аъзоси Азиза Умарова Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.

Икки компания раҳбариятидаги ўзгаришлар юзасидан Kun.uz боғланган Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов айни пайтда бу тайинловлар расман тасдиқланмаганини билдирди.
- «Uzbekistan Airports» АЖни у ташкил этилган 2019 йилдан буён Равшан Исмоилов бошқариб келаётганди.
- «Uzbekistan Airways» АЖ раиси лавозимини 2018 йил январидан буён Бахтиёр Ҳакимов эгаллаб келди. Бир йил олдин унинг лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши айтилганди.
Маълумот учун, асли тошкентлик Раъно Жўраева узоқ йиллар Россияда авиация соҳасида раҳбарлик лавозимларида ишлаб келаётганди. У 1986 йилда Москва авиация институтида аспирантурани тамомлаб, учувчисиз аппаратлар учиши динамикаси ҳисоб-китобларига бағишланган диссертация ёқлаган. Бутунроссия ташқи савдо академиясида халқаро иқтисодий муносабатлардан таҳсил олган. Молиявий менежмент стратегияси бўйича Ҳарвард бизнес-мактаби битирувчиси.














