22 феврал куни Грузия парламенти Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги янги ҳукумат таркибини тасдиқлаганди. Мелиянинг тарафдорлари янги бош вазирнинг биринчи қиладиган иши мухолифатчилар етакчисини қўлга олиш бўлишига шубҳа қилишмаётганди.
23 феврал куни эрталаб махсус кучлар Мелия ва унинг тарафдорлари яширинган партия идораси эшигини бузиб кирган. Амалиётда юзлаб полициячилар иштирок этган. Партия раҳбарини ҳибсга олиш мобайнида полиция кўздан ёш сиздирувчи газдан фойдаланган. Қўлга олинган мухолифотчи зирҳли машинада олиб кетилган. У 2019 йилда тартибсизликлар уюштирганликда ва Грузия парламентига қилинган ҳужумда иштирок этганликда айбланмоқда.
«Вазирликнинг кўп марта огоҳлантириш беришига қарамай, партия офисига йиғилганлар полициянинг қонуний талабига бўйсунмади ва ҳуқуқ-тартибот органларига қаршилик кўрсатишди. Ўз навбатида, полиция ўз мажбуриятларини бажариш учун қонунчиликда кўзда тутилган куч ва махсус воситаларни ишга солди», дейилади ИИВ баёнотида.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса амалиётдан сўнг 17 киши тиббий ёрдамга муҳтожлиги ҳақида маълум қилган.
Бу вақтда мухолифатчиларнинг вакиллари, партия тарафдорларини кўчаларга чиқиб, норозилик акциялари бошлашга чақиришган. «Гарибашвили ўзига ҳам, Бидзина Иванишвилига ҳам сиёсий қабр қазиди. Бу ишлар тез орада якун топажак. Ника Мелия озод қилинади, биз эса ғолиб бўламиз», деган журналистларга «Ягона миллий ҳаракат» вакили Заал Удумашвили.
«Мамлакатда Иванишвили-Гарибашвилининг комик диктатураси ўрнатилиши катта шармандалик бўлади», деган парламентнинг собиқ спикери Нино Бурджанадзе.
Грузия халқ ҳимоячиси (инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни назорат қилувчи) Нино Ломжария Мелиянинг қўлга олинишини шармандалик деб атаган.
«Мухолифат партия офисига рейд ва мухолифатчилар етакчисининг ҳибсга олинишидан ортиқ шармандалик йўқ. Бу Грузияни Ғарб дунёсидан узоқлаштириши муқаррар», дейилади Ломжариянинг баёнотида.
Шу билан бирга, Грузиядаги ҳукмрон партия Мелиянинг қўлга олинишини «намунали амалиёт» деб атаган. «ИИВ раҳбари Вахтанг Гомелауридан ҳар бир полициячи амалиётни ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилмасдан ўтказгани учун миннатдорман», деган партия раҳбари Ираклий Кобахидзе.
«Бугун биз шунга гувоҳ бўлдикки, биз - ҳуқуқий ва кучли давлатмиз. Бизда кучли полиция ва жуда самарали ҳаракатланувчи ички ишлар вазири бор», деган Гарибавшили. Унинг сўзларига кўра, полициянинг ҳаракатлари Европа ва Америкадаги демократия стандартларига мос келади.
Янги ҳукумат












