Norma’нинг ёзишича, лойиҳанинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг лозим тарзда ҳуқуқий ҳимояланганини таъминлашдан иборат.
Қонун қўлланиладиган соҳа кенгайтирилган ҳамда унда қўлланиладиган асосий тушунчаларга тузатишлар киритилган. Масалан, маъмурий-ҳуқуқий фаолият айрим жисмоний ёки юридик шахсларга ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратиладиган шахслар гуруҳига ташқи мажбурий таъсир кўрсатадиган маъмурий ва бошқарув хусусиятидаги фаолият ҳисобланади.
Шунингдек, маъмурий тартиб-таомиллар кенгайтирилган ва уларга тузатишлар киритилган. Ўзбошимчалик, ҳуқуқнинг суиистеъмол қилинишини тақиқлаш, ҳуқуқни қўллаш рад этилишига йўл қўймаслик каби тартиб-таомиллар киритилган.
Лойиҳада маъмурий иш юритишда идоралараро ўзаро ҳамкорлик тартиб-таомили ўрнига маъмурий кўмаклашиш тартиб-таомили қўлланилиши назарда тутилмоқда. Маъмурий органнинг кўмаклашиш тўғрисидаги сўрови асосида амалга ошириладиган маъмурий кўмаклашиш муддатлари, шунингдек кўмаклашишни рад этиш асослари белгиланган.
Лойиҳа билан тегишли тарздаги маъмурий тартиб-таомил, умумий вакил, дастлабки маъмурий ҳужжат тушунчалари киритилмоқда.
Қандай ҳолатларда маъмурий ишлар маъмурий органнинг мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган. Қуйидаги ҳолларда маъмурий иш мажлисда кўриб чиқилиши лозим:
- маъмурий иш юритиш оммавий тусга эга бўлганда;
- маъмурий иш юритиш натижасида ер участкасига бўлган ҳуқуқни, шунингдек бошқа кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тугатадиган ёки чеклайдиган маъмурий ҳужжат қабул қилиниши мумкин бўлганда;
- манфаатдор шахснинг ҳуқуқий мақомига бошқача тарзда жиддий аралашилганда, бундан мажлисни ўтказишга шошилинч чоралар қабул қилиниши зарурати тўсқинлик қиладиган ёки маъмурий ишни объектив сабабларга кўра мажлисда кўриб чиқишнинг имкони бўлмаган ҳоллар мустасно ва бошқалар.
Маъмурий ҳужжат ёзма, электрон ёки оғзаки шаклда бўлиши белгиланган. Шунингдек у белгилар, имо-ишоралар ва сигналлар йўли билан, тасдиқловчи ҳужжат бериш ёки муайян ҳаракатларни, шу жумладан автоматик воситалар ёрдамида амалга ошириш йўли билан қабул қилиниши мумкин.














