Ўзбекистон | 17:29 / 25.02.2021
3839
2 дақиқада ўқилади

Икки ойда экология соҳасида 8 131та қонунбузилиш ҳолати аниқланган

Давлат экология қўмитаси томонидан жорий йил январ-феврал ойларида республика бўйича 9 мингдан ортиқ рейд тадбирлари ўтказилиб, экологик назорат натижаларига кўра экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 8 131та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Шундан 96тасини мансабдор шахслар содир этган.

Бу ҳақда 25 феврал куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспектори Валижон Иброҳимов маълум қилди.

Унга кўра, ҳуқуқбузарларга нисбатан 4 млрд 333 млн сўм жарима ва табиатга етказилган зарар учун 3 млрд 49 млн сўм даъво белгиланган. Дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 1 031та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, жами 1 650 туп дарахтлар, шундан 768 туп қимматбаҳо дарахтлар ва 643 м³ буталар ноқонуний кесилгани учун қонунбузар шахсларга нисбатан белгиланган тартибда 1 млрд 151 млн сўм маъмурий жарима ва 3 млрд 590 млн сўм ўсимлик дунёсига етказилган зарар белгиланган.

«Йил бошидан бери 32та ҳолат бўйича 4 млрд 423 млн сўм ўсимлик дунёсига етказилган зарар суммаларини ундириш ва қонуний чора кўриш мақсадида ҳужжатлар прокуратура, суд органлари, ИИБ ва МИБга топширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб пойтахтдаги «Мовий гумбазлар» истироҳат боғида «Истиқлол» мажмуаси бўйича эълон қилинган танлов кенг жамоатчиликда қизғин мунозараларга сабаб бўлаётган эди. Ҳолатни ўрганиш юзасидан Тошкент шаҳар экология бошқармаси билан ҳамкорликда махсус ишчи гуруҳи тузилди. Бу борада ҳеч бир дарахт ноқонуний кесилмаслиги борасида ходимларга қатъий кўрсатмалар берилди. Хиёбондаги барча дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилган», – дейди инспектори.

Маълумот учун, президент фармони билан республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторий 2021 йил 31 декабргача узайтирилган эди. Мораторий жорий этилишига қарамай, 2020 йилда табиатга 9,7 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.

Мавзуга оид