Бошқа ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинади
«Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига асосан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинади.
Бунда:
- бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
- бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.
Тадбиркорлик субъектларига йўлларда йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган воситаларни ўрнатиш ҳуқуқи берилади
Президент қарорига биноан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига автомобил йўлларида автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи ҳам берилади.
Икки қаватдан юқори ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш тартиби ўзгаради
Президент фармонига мувофиқ икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда объектнинг Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.
«Навоий кон-металлургия комбинати» ДК кумушни биржа орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотади
2021 йилги давлат дастурига кўра, 2021 йил 1 мартдан бошлаб «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК томонидан кумушни биржа орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби жорий этилади.














