Йиғилишда президент Ўзбекистонда «маҳаллабай» тизимни, ёшлар ва аёллар дафтарлари қандай ишлашини тушунмаган раҳбар энди ишлай олмаслигини маълум қилди.
«Халқимизнинг қарийб ярмини, яъни 17 миллионга яқин аҳолини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Лекин барча аёлларга ҳам жамиятда ўрнини топиши учун муносиб шароит, имконият яратиб бера оляпмиз-ми? Афсуски, йўқ.
Ўтган икки йилда 116 мингга яқин аёллар ўз тадбиркорлик фаолиятини тўхтатган. Қишлоқ жойларида, олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати талаб даражасида эмас. Масалан, мамлакатимизда ҳар йили 3,5 мингдан ортиқ аёллар кўкрак бези саратони, 1,5 мингга яқин хотин-қизлар аёлларга хос касалликларидан вафот этмоқда», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Давлат раҳбари ажримлар сони ҳам юқорилигича қолаётганига тўхталган.
«Ўтган 2020 йили республикада ажримлар сони 28 мингдан ортган. Қашқадарёда – 2 минг, Хоразмда – 1,1 минг, биргина Ромитан туманида – 110та ажрим қайд этилган. Эр-хотин ўртасидаги доимий жанжал, хиёнат, куч ишлатиш ва миграция ажримларнинг 70 фоизига сабаб бўлмоқда.
Энг ачинарлиси, аёлларни хўрлаш, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ҳамда омма олдида «сазойи» қилиш ҳолатлари оддий ҳолатга айланиб бормоқда. Ўтган йили 15 мингга яқин хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган.
Шу билан бирга, ўтган йилларда 480 мингга яқин хотин-қизлар узоқ муддатга хорижга ишлаш учун кетган бўлиб, ҳозирда уларнинг фарзандларига оид маълумотлар ҳеч қайси идорада мавжуд эмас», дейди давлат раҳбари.
















