Қурилиш вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудида тадбиркорлар томонидан олиб борилган қурилишларни ўрганиб, айримларидаги хато ва камчиликлар ҳақида маълумот берди.
1. Бухоро шаҳри И.Каримов (Мустақиллик) кўчаси 24/1-уй манзилида жойлашган «BELUGA STORY AND BURGERS» МЧЖ томонидан қурилаётган 1 ва 2-қаватларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси жойлашган кўп қаватли кўп хонадонли турар жой биноси ўрганилганда қаватлараро ёпмаларда – иккинчи қават ёпмалар қопламаларида табиий қор ва ёмғирлардан кейинги асоратлар ва моғорлар ҳосил бўлгани, устун ва тўсинларнинг бурчаклари учиб кетгани аниқланган.

«Бинонинг ташқи деворлари қурилиш нормативларига мос лойиҳалаштирилмаган. Бинонинг ташқи девор конструкцияларида лойиҳа ва визуал текширишда дераза дарчаларини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмаган. Тўсинни сейсмик белбоғга боғловчи арматуравий анкерлар ўрнатилмаган. Бетон мустаҳкамлиги ғишт териш учун цементли қоришманинг мустаҳкамлиги бўйича лаборатория синовлари ўтказилмаган бўлиб, яширин ишлар далолатномаси ва умумий пайвандлаш бетон ишлари журнали юритилмаган. Бинонинг асосий конструкциялари (устун ва ригель) бетон маркаси аниқланганда, лойиҳада кўрсатилганидан бошқа маркадаги бетондан фойдаланилгани маълум бўлган. Умуман олганда, бинонинг зилзилабардошлигига таъсир кўрсатадиган конструктив нуқсонлар аниқланган», дейилади вазирлик маълумотида.
Юқорида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун Бухоро вилояти қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат (ҚСҲН) инспекцияси томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган ва ижроси назоратга олинган.
2. Бухоро шаҳри Ғиждувон кўчаси манзилида жойлашган «METRIC VENTURES» МЧЖ томонидан қурилаётган меҳмонхона биноси ўрнатилган тартибда инспекцияни хабардор қилмасдан қурилиш-монтаж ишлари бошлагани сабабли Бухоро вилоят ҚСҲН инспекцияси томонидан огоҳлантириш хати берилган. Қаватлараро ёпмаларда – охирги қават ёпмалар қопламаларида эса табиий қор ва ёмғирлардан кейинги асоратлар ва моғорлар ҳосил бўлган.

Бинонинг асосий конструкциялари (устун ва ригель) бетон маркаси аниқланганда, лойиҳада кўрсатилганидан бошқа маркадаги бетондан фойдаланилгани ойдинлашган. Устун ва тўсинлар туташ қисмда монтаж вақтида монтаж пенасидан фойдаланилган, кўп тугунларда монтаж пенасининг кўпайиб кетгани учун тугунда ғоваклар ҳосил бўлган.


















