Биринчи давра давомида жуда тиғиз ва муросасиз туюлган АПЛ жадвалида ҳаммаси тартибга тушган ва «Манчестер Сити» муддатидан олдин чемпионликни нишонлаш йўлига тушган бўлса, Испанияда аксинча, шу пайтгача бўлмаган интрига қайтиб қолиши мумкин. Италияда эса «Милан» ёпишиш учун сўнгги ҳас илинжида. Европа миллий чемпионатлари навбатдаги дам олиш кунлари ҳам бизни зериктирмайди.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ВЕСТ ҲЭМ (27 февраль, 17:30)

Англияда 2021 йилнинг энг яхши натижа кўрсатаётган икки жамоаси ўзаро тўқнаш келади. Улардан бири «Вест Ҳэм» экани чинданам сюрприз, аммо Давид Мойес шогирдлари ҳозирда кучли тўртликда бекорга эмасликларини майдонда ҳам исботлашмоқда. Гап фақат қулай тақвимда эмас, «Вест Ҳэм» сўнгги икки ойда «Эвертон», «Астон Вилла», «Тоттенҳэм» каби рақобатчилари устидан ҳам ғалаба қозонди. Биринчи даврада «Лестер» ҳам йирик ҳисобда мағлуб этилганди.

Лекин шуни ҳам тан олиш керакки, яхши формада бўлган топ-клубларга қарши «болғачилар» етарли қаршилик қила олишмаяпти. Масалан, «Вест Ҳэм»нинг АПЛдаги 6 мағлубиятидан 5таси айнан топ-рақиблар – «Ливерпуль» (икки марта), «Арсенал», «МЮ» ҳамда «Челси»га қарши ўйинларда бўлган. Ҳа, бу рўйхатда «Манчестер Сити» йўқ – биринчи даврадаги ўйин 1:1 ҳисобида якунланганди. Бу воқеага ҳам шу қадар кўп бўлдики, гўёки ўша «Сити» умуман бошқа жамоа бўлгандек. Ҳозирги «Сити» барча мусобақаларда 19 ўйиндан бери фақат ғалаба қозонаётган, ўзи иштирок этаётган барча турнирларда яққол фаворитга айланган «Сити»...

«Вест Ҳэм» учрашувда Ярмоленко, Огбонна, Масуаку каби асосий таркиб ўйинчилари ёрдамидан фойдалана олмайди. Шунингдек, Фредерикснинг ҳам ҳолати сўроқ остида. «Манчестер Сити» таркиби ва унинг сифати шу қадар юқорики, бирор-бир футболчининг йўқлиги ҳақида фикр юритиш ҳам маъносиз. Зеро, жамоа Кевин Де Брюйненинг жароҳатини ҳам сезмасдан ўтказиб юборди. Биргина Натан Аке ҳамон тўлиқ тикланиб улгургани йўқ.

Шундай бўлса-да, ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида «Боруссия»га қарши майдонга тушган манчестерликлар таркибида бир қатор ротация амалга оширилишини ҳам кутса бўлади. Жамоанинг яқин таъқибчилари «МЮ» ва «Лестер» бу турда мос равишда «Челси» ва «Арсенал»га қарши тўп суради. Демак, Пеп Гвардиола жамоасида балки ўртадаги очколик фарқни янада ошириш имкони турибди.

СЕВИЛЬЯ – БАРСЕЛОНА (27 февраль, 20:15)

«Барселона» Куман бошчилигида бир амаллаб турнир жадвалида юқорида бораётган бўлса-да, юқори савияли жамоаларга қарши ўйинларда ўта ишончсиз ўйин кўрсатмоқда. Чемпионлар Лигасида Туриндаги ғалаба «Камп Ноу»да мағлубият бўлиб қайтди, «Эл Класико»да ҳам, «Атлетико»га қарши ўйинда ҳам мағлубиятга учралди. «ПСЖ»дан йирик мағлубият. «Севилья» билан биринчи даврадаги ўйинда ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилганди. «Севилья» билан Қироллик кубоги учун дастлабки баҳс ҳам ёдимизда – андалусияликлар 2:0 ҳисобида устун келганди. Хуллас, «Барселона» ҳеч бўлмаса бирорта совринга илинишни истаса, топ-ўйинларни ютишни бошлаши керак, масалан, «Севилья»га қарши мана шу учрашувни.