Иқтисодиёт | 11:09 / 01.03.2021
2959
2 дақиқада ўқилади

Февралда товарлар ва хизматлар нархи 0,6 фоизга қимматлашди

Жорий йилнинг феврал ойи инфляцияси 0,6 фоиз, йиллик инфляция эса 11,4 фоизни ташкил этмоқда.

2021 йилнинг феврал ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,6 фоизга қимматлашди. Жорий йилнинг дастлабки икки ойи давомида нархлар ўсиши 1,7 фоизни, ўртача ойлик ўсиш суръати эса 0,8 фоизни ташкил этди.

Статқўм хабарига кўра, жорий йилнинг феврал ойида йиллик инфляция 11,4 фоизни ташкил этган. Таққослаш учун, 2020 йилнинг феврал ойида умумий йиллик инфляция кўрсаткичи 13,5 фоизга тенг бўлганди.

2021 йил февралида хизматлар 0,8 фоиз, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 0,6 фоизга қимматлашган. 2020 йилнинг декабр ойи билан таққосланганда, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,8 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1,1 фоиз, хизматлар 2,2 фоизга қимматлашган.

Февралда энг юқори суръатда нарх ўсиши гуруҳлар бўйича спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари ҳисобига (2 фоиз) тўғри келган.

Озиқ-овқат секторида эса ёғ ва мой маҳсулотлари (1,4 фоиз) ва мевалар (1,7 фоиз)да нархларнинг энг юқори ўсиши кузатилган.

Аввалроқ, январ ойида 1 фоизлик инфляция қайд этилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга, хизматлар нархи эса 1,4 фоизга кўтарилгани маълум қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил давомида инфляция кўрсаткичи 11,1 фоиз бўлгани қайд этилган. Ўтган йили озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 15,3 фоизга кўтарилган.

Шу билан бирга, Марказий банк 2021 йилда инфляция даражаси 9–10 фоиз бўлишини прогноз қилган.

Мавзуга оид