ОКМК бош муҳандисининг илм-фан бўйича ўринбосари Абдурашид Ҳасанов комбинатда ишлаб чиқарилаётган металлар, уларни олиш жараёни ҳақида маълумот берди.

«Комбинат томонидан янги рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, янги инновацион технологиялар ҳамда маҳаллий хомашёлардан унумли фойдаланиб, нафақат илғор технологияларни қўллаш, балки жараёнда ишлатиладиган кимёвий бирикма ва реагентлар, эҳтиёт қисмларни ҳам ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга эътибор қаратилмоқда.

Ҳар бир маъдан-руда қазиб олингандан тайёр маҳсулот, дейлик, тоза мис ҳолига етгунча 11та жараёндан ўтади. Руда таркибида 0,35 фоиз мис бўлса, 100 кг рудада 350 гр мис бор, юқоридаги 11та жараёндан кейин дунё бўйича 220-250 гр тоза мис олинади. Агар яна 5та жараённи қўшсак олтин ва кумуш, унга яна 4та жараённи қўшсак, селен, телур ёки руданинг ярмидан молибден каби металлар олиш мумкин.

Ҳозирги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 40дан ортиқ тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, 14та кимёвий элемент соф ва бирикма ҳолида тайёрланмоқда. Шундан 4таси бирикма ҳолида (рений, калций, олтингугурт ва қўрғошин), қолган 10таси асл бўлиб, мис, рух, кадмий, олтин, кумуш, палладий, теллур, селен, вольфрам ва молибденлардир.

Булар ичида экспорт қилинадиганлари ҳам мавжуд. Масалан, бир суткада 200 гр.дан ортиқ тоза палладий оламиз. Уни асосан Швейцарияга сотамиз ва бу уларни қониқтираётгани тўғрисида ташаккурнома ҳам юборишган. Улар олмаган тақдирда ҳам бошқа жойга сотиш мумкин, чунки нодир металл бўлган палладийнинг 1 грамми 76 АҚШ доллари туради.

Мазкур металлар олинадиган рудалар Сарчўққи, Қалмақир, «Ёшлик-1», шунингдек, Хондиза рух кони ҳамда 10га яқин таркибида катта-кичик олтин бўлган Чодак ва Ангрендаги конлардан олинади ва ишлов берилади», дея комбинатда олинаётган металлар ҳақида маълумот берди Абдурашид Ҳасанов.