17:43 / 03.03.2021
5119

Андижонда ўзига тегишли бўлмаган 1 гектар ерни 45 минг долларга сотмоқчи бўлган мансабдор ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўзи ижарачи сифатида фойдаланиб келган 1 гектар ерни 45 минг долларга сотмоқчи бўлган мансабдор қўлга олинди.

ДХХ матбуот хизмати Kun.uz’га хабар қилишича, Андижон вилояти туманларидан бирининг Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи маҳаллий фермер хўжалигига қарашли мевали боғдан иборат 1 гектар ер майдонидан ижара шартномаси асосида фойдаланиб келган. 

У мазкур ер майдонини тасарруф этиш ва учинчи шахсга ўтказиш ҳуқуқига эга бўлмасада, 45 минг АҚШ долларига сотиб, ноқонуний даромад орттиришни режалаштирган.

Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида мазкур мансабдор шахс харидордан сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Аввалроқ Паркентда беш гектар ерни 1 миллион долларга сотмоқчи бўлган шахс ушлангани, Зангиотада суғориладиган ер майдонини ноқонуний сотиб юборган фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, Бухорода ҳужжатларни сохталаштириш орқали ер ажратиш эвазига деҳқондан пора олган шахс қўлга олингани, Сурхондарёда жияни номига 4,5 сотих ерни аукционсиз ажратиб, уни 180 миллион сўмга сотмоқчи бўлган туман қурилиш бўлими бошлиғи ушлангани тўғрисида хабар берилганди.

Top