Қўмита раиси Бахтиёр Сайфуллаев мактабларда спорт заллари ҳолати, мусиқа асбоблари олиб бериш билан боғлиқ тушунарсиз ҳолатлар ҳақида вазирлик ва идоралар ишини танқид қилди.

«Маданият марказлари бинолари жуда ачинарли аҳволда. Масалан, бир маданият маркази биноси йўқ, лекин штати мавжуд. Улар қаерда ўргатяпти — мактабда. Нега эгаси бор жойларга кириб боряпмиз, мактабнинг эгаси бор-ку, ўз тўгараги бор, ичи бўш бўлса ҳам спорт зали бор. Ҳали спорт зални анжомлар билан тўлдириш, мусиқа асбоблари олиб бериш керак.

Бундан ташқари, кутубхоналар мослашмаган. Туманларда кутубхона бўлмагани учун китобхонликни мактабларга ўтказдик, дейишяпти. Бир мактаб кутубхонасини кириб кўрдик, ҳеч нарса йўқ. Бизни алдаш учун бир синф болаларини ўтқазиб қўйибди, дарсдан кейин кутубхонада ўтириб тез айтиш машқ қиляпти, дейди. Кутубхона тез айтиш ўйнайдиган жой эмас, китоб мутолаа қиладиган жой. Китоб йўқ, маҳалла кирмайди бу ерга.

Биз ҳозир маданият ва спорт орқали ёшларни қамраб олишимиз керак. Бу жорий йил дастурида ҳам турибди. Шунга биноан халқимизнинг 17-25 фоизи спорт билан шуғулланишини таъминлаб беришимиз керак.

Оммавий тадбирлар бўйича ҳар бир ҳокимлик 350 млн сўмдан 500 млн сўмгача молиявий таъминлаб бериши керак, нега шуни ҳокимлардан талаб қилмайсиз ёки Сенатга чиқиб, ҳокимият пулни чиқариб бермаяпти, деб айтмайсиз? Айбингиз шуки, ҳозир бефарқ қараб турибсиз», деди қўмита раиси Бахтиёр Сайфуллаев Маданият вазирлиги ва Спорт вазирлиги вакилларига.

Шундан сўнг, Бахтиёр Сайфуллаев Сирдарё вилоятига сафари давомида дуч келган воқеа ҳақида сўзлаб берди.

«Менга бир бўлим мудири кимга айтишимни билмаяпман, вазирлик 4та карнай, 4та най берди, лекин мутахассиснинг ўзи йўқ. Ноғоралар берган, битта туманга 1та етади, лекин ноғорачи ҳам йўқ. Нима қиламан уни, дейди. Кўриб чиқдик, айтганидай турибди, бунга эътибор қилиш керак», деди қўмита раиси Бахтиёр Сайфуллаев.