Kun.uz сайтининг SUBYEKTIV лойиҳаси жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида ижодий сафарда бўлиб, ушбу мамлакатдаги ватандошлар билан суҳбатлар уюштирди.

Биринчи суҳбатдошимиз – Дубайда бир нечта ресторанларни бошқарган, 2020 йилда машҳур Пальма оролида ўзининг шахсий ресторанини очган ўзбек ресторатори Мирзо Ҳафизов.

— Палм-Жумайра сунъий оролида, Aтлантис меҳмонхонаси атрофида ресторанлар ўртасида рақобат катта. Сизнинг овқатланиш соҳасидаги тажрибангизни билмаган одам бундай жойда ресторан очганингизга скептик руҳда қараши мумкин. Рестораторликда 18 йиллик тажрибангиз бор экан. Нега ресторан қуриш учун бу жойни танлагансиз?

— 2018-19 йилларда шу ҳудудда ресторан қуришга рози бўлмаган бўлардим. Чунки бу ерда фаввора йўқ эди. Фаввора очилганига 4-5 ой бўлган бўлса, у Пальманинг Дубайда дестинейш сифатидаги динамикасини ўзгартирди. Чунки бу – дунёдаги энг баланд фаввора.

Иккинчидан, Пальма ва унинг атрофида Dubai Marina, GLT, MNTL бор. Aйнан шу жойда жуда кўп собиқ иттифоқ ҳудуди миллатлари, русийзабон халқлар яшайди. Шуларни ҳисобга олиб, шу ерни танладик.

Мирзо Ҳафизов

— Бу атрофда жойлар анча қиммат. Бу ерни олиш қийин бўлмадими?

— Дубайда 12 йилдан ортиқроқ вақтдан бери яшаяпман. 2008 йилда бу ерга келганман. Пальманинг девелоперларидан бири – Nakheel Management билан алоқаларимиз бор. Бундан ташқари, таклиф қилинаётган консепт уларнинг стратегиясига тўғри келиши керак. Биз уларга миллий ўзбек ресторани ҳақида презентация қилиб, ўзимизнинг миллий таомларимизни, Ўзбекистон тарихи, Ипак йўлига боғлиқлигимиз ҳақида гапириб бердик.

Тақдимотимизни кўриб чиқишди, Пальмада ҳам аслида бундай ресторан йўқ ва бу – ушбу сунъий оролдаги биринчи ўзбек миллий ресторани. Шулар ва бизнинг тажрибамизни ҳисобга олиб ресторан очишга рухсат беришди. Маълум одамлар билан келишишга тўғри келди, аммо пул тўлангани йўқ.

— Ҳозир Zor ресторанидан ташқари 2та лойиҳангиз бор. Bramble bar ва Akа – Токио услубидаги кечки овқатлар ресторани. Сиз ўз компаниянгиз – Orzu Hospitality Group'ни очгансиз. Бунда шеригингиз ким?