INTELLEKT рукнининг бу галги сони хотин-қизларнинг шахс сифатида шаклланиши ва ривожланиши йўлидаги имконият ва тўсиқларга бағишланди. Рукн меҳмонлари – кинорежиссёр Мухлиса Азизова, блогер Шаҳноза Соатова ва ҳоким ўринбосари сифатида фаолият юритаётган Дурдона Раҳимова.
«Энг муҳими, қизларни ўқитиш ва ўз-ўзини қадрлашни ўргатиш»
Мухлиса Азизова, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси раиси, режиссёр:
— Назаримда, қизларнинг ҳаётга бўлган мотивацияси болалигидан бошланади. Қиз учун энг катта авторитет бу – унинг отаси. Улар келажакда ҳам турмуш ўртоқ сифатида ўз отасидек феъл-атворли инсонни танлаши психологлар томонидан исботланган. Ота қиз фарзанднинг ҳаётида, унинг руҳиятида жуда катта аҳамиятга эга.
Шу сабабли қизлар ва аёллар муаммолари ҳақидаги аксарият ижодий ишларимда оталарга катта урғу бераман. Оталар аёлини хўрлаб, қизини эркалатса ва қизимга яхши тарбия беряпман деб ўйласа, хато қилади.

Қизларга ўзлигини, ўз ҳиссиётларини танишни ўргатиш керак. Қиз бола, келин доим жилмайиб туриши керак деган нарса – стереотип. Унга нимадир ёқмаётган бўлса-ю, у зоҳиран кулиб турса, бу нарса қачондир портлашга олиб келади.
Қизларни ўқитиш шарт. Улар шахс сифатида шаклланганидан кейингина турмушга бериш керак. Чунки турмуш қурди дегани ҳаёти яхши бўлишига кафолат эмас, эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Ҳаммаси яхши бўлишига ишонганимизда ҳам, оила қураётган қиз мустақил ва шаклланган шахс бўлишига эътибор қилиш керак.
Кузатувларга кўра, ҳар бир оилада муайян пайт кризис даври бўлади. Яъни эр-хотин ўртасида зиддият пайдо бўлади. Ана шу кризисдан айнан шахс сифатида шаклланиб улгурган инсонлар яхшироқ ўтиб кетишади. Бунда эр ва хотин ўртасидаги диалог муҳим аҳамиятга эга.
«Биз хотин-қизларнинг энг оддий, элементар ҳуқуқларини сўраяпмиз»
Шаҳноза Соатова, адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, блогер:
















