Ўзбекистон | 16:22 / 11.03.2021
4441
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда сув таъминоти даражаси паст бўлган суғориладиган майдонлар кескин камайтирилади

Вазирлар Маҳкамасининг «2021 йилда Қашқадарё вилоятида ирригация ва мелиорация ишларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, қарор Қашқадарё вилоятида рақамли ва сув тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ҳамда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида суғориладиган ерлар мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт бошқа тармоқларини сув билан ишончли таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжат билан қуйидаги манзилли рўйхатлар тасдиқланди:

  • 2021 йилда Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон республика бюджети маблағлари ҳисобидан ирригация ва мелиорация объектлари қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш бўйича устувор лойиҳалар бўйича;
  • 2021 йилда Қашқадарё вилоятида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ирригация тизимларини таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича;
  • 2021 йилда Қашқадарё вилоятида сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хусусий секторга бериш бўйича;
  • 2021 йилда Қашқадарё вилояти туманларида ирригация-мелиорация ишларини такомиллаштириш бўйича «йўл хариталари»;
  • Қашқадарё вилоятида 2021 йилга мўлжалланган тадбирларни амалга ошириш натижасида эришиладиган асосий мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторлар.

Қарорга мувофиқ қуйидаги мақсадли кўрсаткичларга эришиш назарда тутилган:

  • сув таъминоти даражаси паст бўлган суғориладиган майдонларни 83,5 минг гектардан 55,3 минг гектаргача камайтириш;
  • насос станцияларидаги 3та насос агрегати ва 14та электр двигателини замонавий энергия тежамкорларига алмаштириш, насос станциялари йиллик электр энергияси истеъмолини 2,4 млрд кВт.с.дан 2,3 млрд кВт.c.гача камайтириш;
  • сув тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган майдонларни 69,7 минг гектардан 130,1 минг гектаргача, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган майдонларни 11,8 минг гектардан 39,4 минг гектаргача етказиш;
  • шўрланган майдонларни 232,3 минг гектардан 227,8 минг гектаргача, шу жумладан, ўртача ва кучли даражада шўрланган ерларни 47,7 минг гектардан 45,6 минг гектаргача қисқартириш;
  • «Smart Water» рақамли технологияси асосида сувнинг ҳисоби юритиладиган сув хўжалиги объектлари сонини 73тадан 342тагача етказиш;
  • сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида жами 10та лойиҳани амалга ошириш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид