«Вилоятда биз ўрганган 221та мактабдан 55таси (вилоятдаги жами мактаблар сони 927та – таҳр.) икки, уч сменада болаларни ўқитяпти.
Биз бу мактабларга бордик, кирдик. 35 фоиз мактаб мустақилликдан олдин қурилган ҳолати бўйича турибди. Таъмир ҳам қилинмаган, бошқа нарса ҳам. Тўғриси, мактабга киришнинг иложи йўқ, лекин ўша жойларда ҳам мингдан ортиқ бола ўқияпти.
Бу – бугунги Ўзбекистоннинг мактаби эмас. Халқ таълими вазири саволга қандай жавоб бераркин, билмайман.
55та мактабда ҳолат оғир, 116тасида эса спорт заллари йўқ. У ердаги болалар сўраяпти биздан, қачон спорт залида ўйнаймиз, деяпти. Сенаторлар келибсизлар, раҳмат. Хўш, ичимлик суви қачон келади, деяпти», – таъкидлади Мадумаров.
Сенаторнинг саволига халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жавоб берди.

«Тўғри масалани кўтардингиз, лекин бундан олдин яна бир маълумотни ҳам айтдингизки, аҳоли сони тезлик билан ўсиб боряпти. Масалан, Сурхондарё аҳолиси 3 миллионга яқинлашди.
МДҲ давлатлари ичида 1991 йилдан бошлаб аҳолиси энг кўп ўсган давлат бу – Ўзбекистон. Бу биринчи сабаб.
Иккинчидан, мактабларга эътибор йиллар давомида иккинчи даражали масала бўлиб келди. Деярли ҳеч иш қилинмаган. Моддий таъминотга етарли даражада эътибор берилмаган.
2016 йилдан кейинги ҳолатни аввалгиларига солиштирадиган бўлсак, мактаблар таъмири 3–4 баробарга ошган. Лекин ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп, етарли эмас.
Давлатнинг инвестиция дастуридан келиб чиққанда ҳам, ҳар йили 300–350та мактаб қўшилса, бу 10 мингта мактабда 30 йилга битта тўғри келади дегани.
Бундан ташқари, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Обод марказ» каби дастурлар қўшилиб, бу рақамлар икки, уч баробарга ошди.
Биласизми, бизнинг тизимда шароитдан келиб чиқиб, спорт зали қуриш, мактаб таъмирлашга сал камроқ пул ажратилади, чунки биринчи навбатда барибир болага ўқишга шароитини қилиб беришимиз керак», – деди вазир.
Шерзод Шерматовга кўра, вазирликка ҳар йили бюджетдан сўраладиган пулнинг 10–15 фоизигина ажратилади.
Вазир шундан келиб чиққан ҳолда, оғир аҳволдаги жуда кўп мактаблар таъмирини йирик инвестицион лойиҳалар бошланиши ҳамда давлат иқтисодиёти ривожланишида кўришини қўшимча қилди.

















