01:45 / 13.03.2021
9066

Танзаниянинг коронавирусга ишонмаган президенти кўздан ғойиб бўлди. У коронавирусга чалингани айтилмоқда

Фото: Reuters

Танзания президенти Жон Магуфули 3 ҳафтадан бери омма олдида кўриниш бермаяпти. Танзания мухолифати етакчиси Тунди Лисунинг таъкидлашича, 61 ёшли давлат раҳбари коронавирусга чалиниб, юрагидаги муаммолар билан оғир аҳволда Кениядаги шифохонага ётқизилган.  

The Financial Times нашрининг хабар беришича, бошқа маълумотларга кўра, коронавирус борлигини инкор қилиб келган Магуфули Ҳиндистонга олиб кетилган ва ўлим тўшагида ётибди. 

Бироқ Танзания расмийлари давлат раҳбари ғойиб бўлгани ва мамлакатда эпидемия борлигини инкор этишмоқда. Жумладан, ҳуқуқий муносабатлар вазири Мвигулу Нчемба президент “ҳар доим эфирда бўлиши керак бўлган телебошловчи каби” омма олдида мунтазам кўринишга мажбурмаслигини айтган. 

Аввалроқ Кениянинг Nation нашри “Африка давлатларидан бирининг етакчиси” коронавирусга чалингани сабабли Найробидаги шифохонага ётқизилгани ва ҳозирда ўпкани сунъий шамоллатувчи қурилмага улангани ҳақида мақола эълон қилган. Бироқ нашр унинг кимлигини маълум қилмаган. Аммо мақолада қўшни Танзания ҳақида сўз борган.

Магуфули охирги марта 24 февралдаги оммавий тадбирда иштирок этиб, Дар-ус-Саломдаги тижорат марказига ташриф буюрган ва у ерда анжуманда иштирок этган. Танзания раҳбари 27 февралда Шарқий Африка ҳамжамияти давлатлари етакчиларининг онлайн саммитида иштирок этиши керак бўлган. Бироқ у саммитда кўриниш бермаган ва тадбирда унинг ўрнига вице-президент Самия Ҳасан Сулуху қатнашган.

Февралда Танзания президенти ўз ҳамюртларини “касалликлардан фориғ бўлиш учун” 3 кун ибодат қилишга чақирган. “Танзанияликлардан парокандалик вазиятида Тангрига ибодат қилишни давом эттиришни сўрайман. Уч кун ибодат қилсак, ишонаманки, биз ғолиб бўламиз”, деб айтган Магуфули, бироқ ўз чақириғида коронавирус пандемияси ҳақида сўз очмаган. У, шунингдек, “локдаун эълон қилмоқчи эмаслигини, чунки Тангрининг ўзи ҳимоялашини” айтган. 

ЖССТ маълумотларига кўра, Танзания 2020 йил майидан буён коронавирус бўйича маълумот бермай қўйган. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирусдан 509та касалланиш ҳолати, 21та ўлим ҳолати қайд қилинган. 

Танзания соғлиқни сақлаш вазири коронавирусга қарши вакциналарни олишни рад этган. Танзаниядан ташқари, Африканинг 62та давлатидан Бурунди, Эритрея ва Мадагаскар ҳукумати ҳам Covax дастури бўйича бепул вакцина олишдан бош тортган.

Жон Магуфули Танзанияга 2015 йил ноябрдан бери раҳбарлик қилиб келади. 2020 йилги президентлик сайловларида ғалаба қозониб, иккинчи муддатга қайта сайланган ва 2025 йилгача Танзания президенти лавозимини эгаллайди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top