Ўзбекистон | 09:45 / 15.03.2021
23758
10 дақиқада ўқилади

15.03.2020 – Коронавирус. Синовларда ўтган 1 йил сарҳисоби

Бундан бир йил муқаддам, 2020 йилнинг 15 март куни соат 10:35да Kun.uz сайтида “Коронавирус Ўзбекистонда. Илк бемор аниқланди” сарлавҳали хабар эълон қилинганди. Унда Ўзбекистонда коронавирус билан касалланишнинг илк ҳолати қайд этилгани ва бемор Франциядан келгани ҳақида маълумот берилган. Инсоният тарихида синовли йиллар кўп бўлган. Коронавирус пандемияси билан кечган бир йил ҳам улар қаторидан ўрин олди.

Foto: AP / TASS

Чинга айланган ҳадик

Аслида коронавирус ҳақидаги илк муждалар бундан анча олдинроқ, 2019 йилнинг охирларида пайдо бўлган, Хитойнинг Уҳан шаҳри бу касаллик илк ўчоғи сифатида қайд қилинганди. Ўзбекистонга кириб келгунига қадар ҳам бу вирус ҳақида турли маълумотлар тарқалди, мумкин қадар эҳтиёт чоралари кўрилди. Аммо 2020 йилнинг феврал-март ойларига келиб, касалликнинг республикага кириб келиши вақт масаласига айланиб қолди. Чиндан ҳам ҳадик чинга айланди, 2020 йилнинг 15 март куни Ўзбекистонда ҳам коронавирусга чалинган илк бемор қайд этилди. Бемор Франциядан келган бўлса-да, аслида касалликни бошқа бир давлатда юқтиргани маълум бўлди.

Ўша пайтни ҳамма эслайди. Аҳоли ўртасида тушкун кайфият пайдо бўлди, турли ваҳималар тарқалди, ҳали ўрганилмаган касаллик бўйича бир-бирига зид маълумотлар пайдо бўла бошлади.

Чекловлар, ёпилган чегаралар ва хайрия

Шундан кейин воқеалар шиддат билан ривожлана бошлади. 2020 йил 16 март кунидан барча таълим масканлари фаолияти тўхтатилди, кўп ўтмай турли муассасалар, шу жумладан умумий овқатланиш тармоқлари ёпилди. 22 март куни мамлакат бўйлаб барчага тиббий ниқоб тақиш мажбурий бўлди ва бу қоидага амал қилмаганлар жаримага тортила бошланди. Турли ташкилотлар ходимлари масофадан ишлаш тартибига ўтди, вилоятлараро транспорт ҳаракатига чеклов қўйилди, шаҳарларга кириш ва чиқиш чекланди. 2020 йилнинг 30 март кунидан Ўзбекистон хориж билан авиаалоқани бутунлай тўхтатди.

Бироқ, чекловларга қарамай, касаллик қайд этилганлар сони муттасил оша бошлади. 2020 йилнинг 17 мартида, яъни касаллик илк қайд этилганидан икки сутка ўтиб, беморлар сони 10 нафарга етди ва ундан кейинги рақамларни геометрик прогрессияга қиёслаш мумкин. Ҳамманинг диққат-эътибори касаллик аниқланишининг кунлик кўрсаткичларида бўлиб қолди.

Айни шу кунларда бутун Ўзбекистон халқида хайрияга хайрихоҳлик кучайиб кетди ва жуда кўпчилик муҳтожларга ёрдам беришга киришди. Бу ҳаракат шунчалар кенгайдики, давлат миқёсида тартибга солина бошланди ва оғир кунларда жуда кўпчиликнинг жонига ора кирди.

100 минглик “армия”

Тиббиёт тизими фавқулодда иш режимига ўтказилди. 2020 йил 26 март куни президент Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида 100 минг нафарга яқин тиббиёт ходимлари сафарбар қилинганини маълум қилди.

Карантин зоналари қурила бошланди, турли масканлар беморларни изоляция қилиш ва даволашга мослаштирилди. Шифокорларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:

  • врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион сўм;
  • кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.

Бундай рағбатлантириш минглаб шифокорларнинг сафарбар этилишида катта рол ўйнади. Касб сифатида анча қадрсизланган шифокорлик обрўйи жамият кўз ўнгида яна юксала бошлади. Лекин шу билан бирга, тиббиёт ходимлари орасида ўлим кўрсаткичлари кескин оша борди.

Танқисликлар

Карантин қоидалари йўлга қўйилган ва касаллик кўпая борган дастлабки кунлардан жуда кўп йўналишларда танқисликлар сезила бошлади. Бозорлар ва дўконлардан картошка “йўқолиб” қолган пайтлар бўлди, ҳамма захира учун ёппасига маҳсулот сотиб олишга киришди. Мисол тариқасида, Тошкент шаҳрида картошканинг кунлик истеъмоли 80-90 тонна атрофида бўлгани ҳолда 2020 йил 29 мартида 338 тонна картошка сотилгани маълум қилинди. Бошқа егуликларда, жумладан шакар, ун, ёғ каби бирламчи маҳсулотларда ҳам узилишлар кузатилди. Исириқ, лимон, саримсоқ пиёз каби маҳсулотлар нархи кескин ошди. Одамлар коронавирусга қарши самарали дея айтилган ҳар қандай маҳсулотни нархига қарамай сотиб ола бошлади.

Энг катта ва хавфли танқислик тиббий маҳсулотларда кузатилди. Касаллик кириб келган дастлабки кунлардан антисептик воситалар, тиббий спирт ва қатор дори воситалари ёки умуман топилмай қолди, ёки нархлари кескин ошиб кетди. Мисол тариқасида “Эргоферон” дори воситаси одатда 25-30 минг сўмгача сотилгани ҳолда 120 минг сўмгача кўтарилди, қутиси 35-45 минг сўмдан сотилган “Арбидол” эса 400-600 минг сўмдан пулланди.

Шунингдек, кислород концентратлари, пульсоксиметрлар каби воситалар нархи кескин ошди, ҳатто уларни ижарага бериш бошланди.

Алоҳида мавзу – ҳимоя ниқоблари бўлди. Бир қарашда оддийгина бу воситага талаб шунчалар ошдики, аксарият дорихоналарнинг эшигигаёқ “Маска йўқ” деб ёзиб қўйиладиган бўлди. Вазиятни ўнглаш учун ниқоб тиббий воситалар рўйхатидан чиқарилди ва барча тикувчилик цехлари бу маҳсулотни тайёрлашга киришгани ҳамда кунига камида 2 млн донадан ниқоб ишлаб чиқариш йўлга қўйилганидан кейингина вазият қисман барқарорлашди.

Отнинг ўлими, итнинг байрами

Ҳар қандай маблағдан улуш юлиб олишга ўрганган коррупционерлар ана шундай ўта таҳликали даврда ҳам имкониятни қўлдан чиқармади. Рақамларга эътибор беринг:

  • Қашқадарёда СЭОМ раҳбарлари бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди – зарар миқдори 917,8 миллион сўм;
  • Наманган вилоят СЭОМ мансабдорлари бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди – зарар миқдори 248,9 млн сўм;
  • Бухорода инқирозга қарши жамғарманинг маблағларини талон-торож қилингани аниқланди – зарар миқдори 202 млн сўм;
  • Навоий вилоят СЭОМ мансабдорлари бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди – зарар миқдори 509 млн сўм;
  • “Меҳр-шафқат” фонди мансабдорлари хайриядан йиғилган маблағларни талон-торож қилгани аниқланди – 2,8 млрд сўм;
  • Андижон СЭОМ мансабдорлари бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди – зарар миқдори 160 млн сўм.

Дорилар “жанги”

Коронавирусга қарши самарали дори воситалари масаласида бугунги кунгача якуний тўхтамга келинмаган. Ўзбекистонда ҳам бу борада кескин баҳслар бўлиб ўтди. Айниқса, гидроксихлорохин (кўпроқ “Плаквенил” номи остидаги препарат) бўйича жуда кўп мунозаралар бўлиб ўтди. Бу восита дастлаб даволаш протоколига киритилди, кейин олиб ташланди. Аммо кўп ўтмай катта миқдорда “Плаквенил” харид қилингани маълум бўлди ва нуфузли шифокорлар икки лагерга бўлиниб кетди. Расмий доираларга у ёки бу даражада боғлиқ бўлган мутахассислар бу препаратнинг самарадорлиги ҳақида чиқишлар қилган бўлса, аксарият амалиётчи шифокорлар “Плаквенил” коронавирусга қарши фойда бермаслигини билдирди.

Энг қизиғи, шунча баҳслардан кейин, коронавирус бир қадар жиловланган пайтга келиб ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги дунё бўйича даволашдаги самараси исботини топмаган, профилактика бўйича эса бирор тадқиқот якунига етмаган гидроксихлорохин препаратини яна катта ҳажмда сотиб олди. Нафақат сотиб олди, балки қўшма қарор асосида мажбурий тартибда талабалар ва ОТМ ўқитувчилари учун сотишга киришди.

Карантин чўққиси ва даҳшатли ўлимлар

Шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, 2020 йилнинг июн-июл ойларига келиб касаллик тарқалиши кучайди, кечиши оғирлашди ва ўлимлар сони кескин ошиб кетди. Дастлаб тузалган беморлар гуллар билан кузатилган бўлса, кейинчалик тиббиётга юклама жуда кучайиб кетди, “Тез тиббий ёрдам” хизмати чақириқларга улгурмай қолди, шифохоналарда жой қолмади, шифокорлар етишмай қолди. Энг даҳшатлиси – ўлимлар сони кескин ошиб кетди.

Вазият шу қадар чигаллашдики, мурдаларни палаталардан ва ўликхоналардан олиб чиқиб кетишда ҳам кечикишлар кузатилди.

Статистика ва ОАВ

Коронавирус кириб келишининг илк кунлариданоқ расмий статистика доимий танқид нишонида бўлди. Илк кунлар ва ҳатто ойларда ҳам жуда кўпчилик бу касаллик аслида йўқлигини таъкидлаган бўлса, кейинчалик беморлар ва ўлимларнинг ҳақиқий сони яширилаётгани бўйича шубҳаланувчилар жуда кўпайиб кетди.

Расмий статистикага ишончсизлик бугунги кунгача давом этмоқда. Ишонмайдиганларнинг ўз ҳақиқатлари бор – касалликка чалинганлар, уйда даволанганлар ва ўлганлар ниҳоятда кўп бўлишига қарамай расмий рақамлар анча кам. ССВнинг жавоби ҳам тайин – махсус тестлар ёрдамида коронавирус расман тасдиқланмагунча ёки ўлим сабаби айнан коронавирус экани исботланмагунча рўйхатга киритилмайди.

Пандемия даврида оммавий ахборот воситалари, айниқса электрон ахборот манбалари аҳамияти кескин ошди. Аҳолининг тезкор ва аниқ маълумотга бўлган талаби бу соҳа ривожига туртки бўлди.

Бугунги кун

Кириш сўзида айтилганидек, Ўзбекистон ниҳоятда мураккаб йилни якунлади. Бу йил ичида нафақат коронавирус, балки Сардоба фожиаси, Олот ва Қоракўлдаги табиий офатлар ҳам жиддий муаммога айланди. Ана шундай оғир йилнинг сўнгги кунларига қадар бу касаллик билан боғлиқ умумий кайфият муттасил кўтарилиб бораётган, жуда кўпчиликда коронавирус узил-кесил жиловланганига шубҳа қолмаган эди. Бундан ташқари, вакциналар ишлаб чиқилгани ва тез орада қўллана бошланиши катта умид уйғотганди.

Роппа-роса бир йилдан сўнг, яъни 2021 йилнинг 15 мартидан бошлаб хориждан келувчиларга тест топшириш мажбурияти бекор қилингани ҳам юқоридаги фикр исботидек эди.

Бироқ, суткалик аниқланишлар кўрсаткичи 30 нафар атрофида бўлгани ҳолда, 12-13 март кунларига келиб 80 нафарга яқинлашгани, Тошкент шаҳрининг ўзида бир кунда 70 нафар бемор аниқлангани яна ҳаммани сергак торттирди ҳамда ҳали бу касаллик чекинмаганини билдириб қўйди.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид