Ўзбекистон | 16:52 / 16.03.2021
44200
2 дақиқада ўқилади

1 апрелдан Тошкент шаҳрида оммавий тадбирларни вақтинча тўхтатиш бўйича таклиф берилди

Тошкент шаҳрида 1 апрелдан бошлаб оммавий тадбирларни вақтинча тўхтатиб туриш юзасидан Республика махсус комиссиясига таклиф киритилди.

Коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида оммавий-маданий тадбирлар ўтказилишида карантин талабларига риоя этилиши бўйича назорат кучайтирилади. Бу ҳақда пойтахтда коронавирус инфекцияси янги штаммлари кенг тарқалишини олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар штабининг йиғилишида маълум қилинди.

Штаб йиғилишида пойтахтда тўй, марака ва маросимларни ўтказишда ҳам Республика махсус комиссияси қарорлари билан белгиланган тартиб-қоидалар ва карантин талаблари, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилиши бўйича назоратни қатъийлаштириш белгиланди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар штаби томонидан:

  • спорт мусобақаларини томошабинсиз ўтказиш бўйича тегишли чоралар кўрилиши;
  • эпидемиологик вазият ёмонлашган тақдирда жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб оммавий тадбирларни вақтинча тўхтатиб туриш юзасидан Республика махсус комиссиясига таклиф киритишга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг куз ойларида мамлакатда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият бироз барқарорлашиб, босқичма босқич жорий этилган карантин чекловлар бекор қилиниб, ижтимоий ва иқтисодий соҳалар фаолияти тиклана бошлаганди. 2021 йилнинг январ ойи охирида концерт-томоша тадбирларини ташкил этишга рухсат берилганди. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид