10 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан АОКАда Ўзбекистондаги коронавирус билан боғлиқ мавжуд эпидемиологик ҳолат юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди ва унда махсус комиссиянинг сўнгги қароридан кейин юзага келган саволлар бўйича ойдинлик киритилди.

Карантин эҳтимоли ҳақида
Ҳозирда Ўзбекистонда қатъий карантин чекловларини киритиш кўзда тутилмаяпти. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев маълум қилди.
«Чекловлар киритилишининг олдини олиш учун ҳам эмланишимиз керак», дея қўшимча қилди Норбоев.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова ҳам вакцина олиш муҳимлигини таъкидлади.
«Бир нарсани яхши тушуниш керак, вакцина омикрондан ҳимоя қилмайди. Эмланган одамда касаллик енгилроқ ўтади, холос. Биз уни юқтирмаслик учун жамоатчилик йиғилган жойлардаги муносабатларни камайтиришимиз ва гигиенага қаттиқ эътиборли бўлишимиз керак», деди у.

Оммавий тадбирларга чеклов йўқ
Махсус комиссия қарорида давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларида аҳоли саломатлигини таъминлаш, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадларини кўзда тутиб, турли тадбирлар ташкил этиш тақиқланиши маълум қилинганди. Ижтимоий тармоқда эса 15 январдан оммавий тадбирлар тақиқланиши ҳақида асоссиз хабар тарқалди.
«Оммавий концерт тадбирлари айни кундаги карантин талаблари асосида ўтказилади. Бироқ эпидемиологик ҳолат ўзгаришига қараб талаблар қатъийлашиши мумкин. Буни вақт кўрсатади», деди ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов.
Омикрон Ўзбекистонда. ССВ эҳтиёт чоралари кучайтирилишини маълум қилди
Жарима ҳақида гап йўқ

Махсус комиссия қарорида жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилаётгани маълум қилинганди. Ижтимоий тармоқларда ниқобсиз қўлга тушганлар 1 млн 350 минг сўм миқдорида жаримага тортилиши ҳақида огоҳлантиришлар пайдо бўлди.















