Бу ўринда эса пандемия бизга панд берди – қўшимча ноқулайлик туғдирди. Хўш, нима учун ЖЧ-2022 ва ОЧ-2023 гуруҳ босқичи сўнгги ўйинлари айнан Саудия Арабистонида ўтадиган бўлди? Ўзбекистон миллий жамоасининг асосий рақиби уйида, боз устига биз учун ўта ноқулай иқлим шароитида ўйнашга мажбур бўлганимиз сабаби нима? ЎФА турнир мезбонлигига даъвогарлик қилмаганмиди? Kun.uz ва Tribuna.uz мухбири бу саволлар билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси Терма жамоалар маркази раҳбари Азиз Ҳайдаровга мурожаат қилди.
«Нима учун асосий рақибимиз майдонида ўйнашимиз керак?»
- Бизга ОФК томонидан дедлайн қўйилди. Видеоконференция алоқаси орқали илк бор қатнашдим. Кўриниб қолдики, у ерда барча Саудия Арабистонига ён босди. Аввало, тартиб бўйича келаётган навбатдаги ўйин – Яманга қарши матчни Саудия Арабистонида ўйнайсизлар, дейишди. Бунга эътироз билдирдим. Нима учун биз асосий рақибимиз майдонида ўйнашимиз керак? Нима учун Баҳрайн ё бошқа нейтрал мамлакатда эмас? Бу кимнингдир манфаатини ўйлаб қилинмаяптими? Улар эса «шошманг, бу саволга ҳали келамиз. Яман – мезбон, у истаган майдонда қабул қилади», дейишди.
Хўп, нейтрал майдон, аммо гуруҳдаги асосий рақибимиз майдонида эмас-да! Улар айтишди: «танлаш имконияти Яманда, Саудия Арабистони уларнинг барча харажатларини қоплаяпти, улар шуни маъқул топишди». Кейин биз «муаммо йўқ, у ҳолда биз шу ўйинни Тошкентда ўтказайлик, харажатларни қоплаймиз», дедик. Саудия Арабистонига бориб ўйнамаслигимизни билдирдик.
«Мезбонликнинг харажати катта бўлса-да, биз бунга рози эдик»

- Билсангиз, ОФКда кўпгина ходимлар Саудия Арабистонидан. Саудия ОФКга кўп ҳолатларда ҳомийлик қилади. Биз марказлашган турнирни ўтказиш масаласига тўхталдик. Умид қилдикки, ана шу ҳолатда имкониятимиз бўлади ва турнирни Ўзбекистонга олиб келамиз. ОФКга Яман ва Сингапурни ўз уйимизда қабул қилишга тайёрмиз, дея хат йўлладик. Аммо рад жавобини олдик. Сингапурдаги карантин ҳолатини рўкач қилишди. Шунча баҳоналар қилиб, турнир энди Саудияда ўтармиш. Қани улар айтган пандемия? Қани карантин? Нега Саудияга келганда бунга амал қилинмаяпти-ю, бизга келганда эса рухсат йўқ.
Марказлашган турнирни қабул қилишга Ўзбекистон ва Саудия Арабистони тайёр эди. Йиғилишда ОФК бу ҳақда маълум қилди. Мезбонликнинг шартлари қабул қилувчи мамлакат иштирокчиларнинг барча харажатларини қоплаши лозим. Авиачипталардан бошлаб, меҳмонхонадаги яшашигача ҳаммасини. Гарчи харажат катта бўлса-да, биз бунга рози эдик. Чунки бизга жаҳон чемпионатига йўлланма керак. Биринчидан, мухлислар катта футбол томоша қилишади, иккинчидан, трансляцияларни сотиш орқали харажатларимизни озми-кўпми қоплаш мумкин эди. Биласиз, трансляция ҳуқуқи мезбон мамлакатга берилади.















