Ўзбекистон | 13:20 / 17.03.2021
19642
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда хусусий шифохонада юз берган жанжал оқибатида икки кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилди 

2021 йилнинг 14 март куни соат 16:00ларда 45 ёшли Баҳодир У. ва 51 ёшли Равшан Қ. Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган, жамоат жойи ҳисобланган “Akfa Medline” шифохонасида бўла туриб, шифохона қўриқчиси, 27 ёшли Аъзам А. ўз хизмат вазифасини бажараётган вақтида, унга қаршилик кўрсатишган ва ҳеч бир сабабсиз ҳақорат қилиб, уриб тан жароҳати етказишган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Баҳодир У. ва Равшан Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, улар процессуал тартибда ушланган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, Баҳодир У. мазкур шифохонада даволанаётгани, Равшан Қ. уни кўриш мақсадида келиб, шифохона ички тартиб-қоидаларига кўра мумкин бўлмаса-да, бемор хонасига киришини талаб қилиб, қўриқчига қаршилик кўрсатгани ва бемор хонасига киргани, орадан бир соатдан сўнг Баҳодир У. ва Равшан Қ. ташқарига чиқиб, қўриқчига “қўлингдан нима келди”, деб мазах қилганликлари туфайли жанжал келиб чиққани аниқланди.

Жиноят кодекси нормаларига кўра, бу турдаги жиноятлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид