Ижтимоий тармоқларда Урганч шаҳрида «BYD Chazor» автомашинаси бир неча транспорт воситасига қасддан урилгани акс этган видео тарқалди. Хоразм вилояти ИИБ ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, воқеа 4 август куни Урганч шаҳрининг Истиқлол маҳалласида содир бўлган. 2000 йилда туғилган Ш.Б. ва 1999 йилда туғилган Х.Б. ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Шундан сўнг Х.Б. ўз бошқарувидаги қора рангли «BYD Chazor» автомашинаси билан Ш.Б.га тегишли «Cobalt», шунингдек, воқеа жойида тўхтаб турган яна бир «BYD Chazor» ва «Damas» автомашиналарига қасддан шикаст етказган.
Ҳодиса оқибатида одамлар жабрланмаган, бироқ учта автомашина техник шикастланган.
«Ташвиш тугмаси» орқали келиб тушган хабардан сўнг ички ишлар ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларини тўхтатган ва барча иштирокчиларни ички ишлар бўлимига олиб келган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Урганч шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.











