“Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиши тартиби тўғрисида”ги низом лойиҳаси эълон қилинди.

Низом лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • агентликнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиши тартиби умумий қоидалари (низом мақсади ва вазифалари, агентлик ҳамкорлик қиладиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар доираси, ҳамкорлик йўналишлари ва шакллари, ўзаро ҳамкорликни амалга оширишда агентлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ваколатлари);
  • коррупциянинг олдини олиш соҳасида ягона давлат сиёсати борасидаги ўзаро ҳамкорлик (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг агентликка юборадиган маълумотлар, агентликнинг суд ҳужжатларини кўриб чиқиш ваколатлари, кўриб чиқилаётган ишлар тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш тартиби);
  • коррупциявий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар юзасидан ҳамкорлик (жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тартиби, ишларни ваколатли органларга ўтказиш);
  • бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари бўйича қонунбузарликлар тўғрисидаги хабарларни ўрганиш соҳасидаги ҳамкорлик (мазкур соҳадаги ҳамкорликни амалга оширишда агентлик ваколатлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мажбуриятлари);
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик (норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш, мазкур соҳада ишчи гуруҳ тузиш тартиби);
  • якуний қоидалар (ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, низом ижросини таҳлил қилиш).

“Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида”ги низом 6та боб ва 20 банддан иборат бўлмоқда.

Низом лойиҳасида агентлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигининг асосий йўналишлари ва соҳалари, мақсад ҳамда вазифалари назарда тутилмоқда.

Низом лойиҳаси белгиланган тартибда Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Миллий гвардия, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилгани айтилади.