Ўзбекистон | 12:26 / 23.03.2021
5805
2 дақиқада ўқилади

Феврал ойида кўчмас мулк савдосида ўсиш кузатилди

2021 йил феврал ойида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони 2020 йил мос даврига нисбатан 19,7 фоизга ортган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази вакилининг Kun.uz’га маълум қилишича, феврал ойида Ўзбекистонда кўчмас мулкка бўлган талаб сезиларли даражада ошган.

Хусусан, ўтган ойда республикада кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони январ ойи билан таққослаганда 11,5 фоизга (2020 йил феврал ойига нисбатан 19,7 фоизга) кўпайган.

Кўчмас мулк бозорининг 30 фоиздан кўпроғига эгалик қилувчи Тошкент шаҳрида ушбу кўрсаткич 10,8 фоизни (2020 йил феврал ойига нисбатан 23,7 фоизни) ташкил қилган.

Қайд этилишича, коронавирус пандемияси даврида карантин чекловлари ўрнатилиши сабабли иқтисодий фаоллик бирданига тушиб кетгани кузатилган. Жумладан, апрел ойидаги локдаун кўчмас мулк олди-сотдисининг 2019 йил мос даврига нисбатан 87,1 фоизга (Тошкент шаҳрида 94,2 фоизга ва Тошкент вилоятида 89,8 фоизга) камайишига олиб келган.

Аввалроқ, PwC Uzbekistan компаниясининг консультацион хизматлар бўйича директори Беҳзод Ортиқов инқироз даврида кўчмас мулкка бўлган талаб ва пандемиядан кейин Ўзбекистон кўчмас мулк бозори қандай бўлиши ҳақида фикрларини билдирганди.  

Мавзуга оид