Жаҳон | 09:54 / 23.03.2021
1916
2 дақиқада ўқилади

Германияда карантин апрел ўртасигача узайтирилди 

Германия канцлери Ангела Меркел мамлакатда карантин режими 18 апрелгача узайтирилишини эълон қилди. Шунингдек, апрел бошига тўғри келадиган Пасха байрамига чекловлар кучайтирилади.

Германияда карантин 2020 йил ноябрида киритилганди, 16 декабрдан эса чекловлар қатъийлаштирилганди. 
        
“Ҳозирда биз жуда жиддий вазиятда қолмоқдамиз. Коронавирус мутациялари жиддий хавф бўлиб қолмоқда”, деб айтган Меркел. 

Карантиннинг узайтирилиши Пасха байрамида вируснинг тарқалиши хавфини камайтириши кутилмоқда. 

Бавария бош вазири Маркус Зедер ушбу қарорни “Пасха локдауни” деб атаган. Кох институтида Германияда вирус тобора жадал тарқалаётгани ва мамлакатга пандемиянинг учинчи тўлқини ёпирилаётгани айтилган. Ҳукумат вируснинг юқумлироқ британча штамми тарқалишидан айниқса хавотирланмоқда. Эмлашдаги муаммолар ортида ҳукумат фақатгина вакциналарга таяниб қолмай, чекловлар киритишга қайтмоқда.   

1 апрелдан 5 апрелгача мамлакатда деярли барча дўконлар ёпилади. Диний хизматлар онлайн-режимга ўтказилади. 3 апрел куни фақат озиқ-овқат дўконлари ишлайди. Бундан ташқари, 3 кун давомида кунлик касалланиш даражаси 100 минг кишига 100 касаллангандан ошадиган ҳудудларда қатъийроқ чекловлар киритилади. 

Меркел, шунингдек, айни вақтда хорижий сафарлар қатъиян тавсия қилинмаслигини айтган. 

Айни вақтда Германияда қишдагидан кўра енгилроқ карантин амал қилмоқда. Март бошидан чекловлар енгиллаштирила бошлаганди. Ҳозирда мактаблар, болалар боғчалари, сартарошхоналар, гўзаллик салонлари, гул ва китоб дўконлари фаолият юритмоқда. 

Мамлакатда январ ва феврал ойларида касалланиш даражаси пасая бошлаганди. Бироқ вирус аҳоли орасида тез тарқала бошлаган ва март ойидан кўрсаткичлар яна ўсган.  

22 март кунидан ресторанлар террасалари, кинотеатр ва театрларни очиш мўлжалланганди, бироқ энди бу режалар кейинга қолдирилмоқда. 

Аввалроқ Европа давлатларида чекловларнинг тўлиқ бекор қилиниши ёз охиридан олдин юз бермаслиги мумкинлиги маълум қилинганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид