Спорт | 16:34 / 23.03.2021
14485
4 дақиқада ўқилади

«Япония ва Кот-д'Ивуар билан ўйин варианти ҳам бор эди». Азиз Ҳайдаров Гана нега асосий таркибда келмагани ва бошқа таклифлар ҳақида

Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаров Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонга қарши ўртоқлик учрашувида Гана миллий жамоаси нега асосий таркиб билан келмагани ва яна қайси миллий жамоаларга таклиф билан чиқилгани ҳақида гапирди.

«Гана миллий жамоаси нима сабабдан иккинчи таркиби билан келяпти, деган саволлар туғиляпти. Бунга жавоб бериб ўтсам. Даставвал бизда Япония билан ўйин варианти бор эди. Учрашув уларнинг майдонида 25 март санасида ўтиши лозим эди. Шарти шу эдики, биз Японияга ўйиндан 3 кун аввал етиб боришимиз керак эди. Шунингдек, меҳмонхонадан чиқмаслик шарти бор эди. Бироқ бу бизга бироз ноқулай вариант эди. Чунки у ердан дарҳол қайтишимиз ва Ироққа қарши ўйнашимиз керак, вақтимиз йўлда ўтиб кетади, йиғин йиғиндек бўлмай қолади. Боз устига легионерларимизга ҳам бу анча ноқулай – узоқ масофага учиш, кейин яна ўз клублари ихтиёрига қайтишига тўғри келарди. Хуллас, биз уларга ўйинга бир кун қолганида чартер рейс билан борайлик, дея таклиф бердик. Бироқ бу таклифимизга японлар кўнишмади. Мураббий бундай ноқулайликка рози бўлмади.

Кейин Кот-д'Ивуар миллий жамоасига таклиф бердик. Африканинг бу кучли жамоаси асосий таркиби билан бизга рақиблик қилиши мумкин эди. Бироқ улар “асосий таркибни йиға олмаяпмиз” дея пайсалга солаверишди. Шундан сўнг биз маҳаллий футболчилари билан ўйнаса-да, бирор миллий жамоа билан ўйнашимиз керак, деган хулосага келдик. Бизда Гана варианти пайдо бўлди. Асосий жамоани 10 кун ичида йиғиб, олиб келиш деярли имконсиз эди. Пандемия кўп ишларимизга халал берди. Режаларимиз ўзгариб кетди, қисқа вақт ичида йўқ жойдан Гана вариантини топганимизнинг ўзи катта гап, менимча. Бу ўйин ҳам бўлмаслиги мумкин эди, бунда Ироқ билан икки ўйин ўйнаб қўярдик. 

Гана миллий жамоасининг асосий ўйинчилари Франция, Германия, Англияда тўп суради. Уларнинг бу шароитда миллий жамоа ихтиёрига ўртоқлик ўйини учун келиши даргумон. ЖАР миллий жамоаси билан расмий ўйини бўладими ёки йўқ, ҳануз номаълум. ЖАР Гана билан ўйнамаслигимиз эҳтимоли юқори, чунки легионерларимиз йўқ, деб ёзаяпти ҳалигача. Лекин Африка футбол иттифоқи ЖАРга ҳар қандай ҳолатда ҳам ўйинни ўтказасизлар, деб шарт қўйган.

Бир нарсани эътиборга олишингизни сўрардим: биз ҳам пандемия даврида йиғинларни ва ўртоқлик ўйинларини маҳаллий футболчилар билан ўтказдик. Бирор марта қайсидир рақиб бизга асосий жамоангни олиб келмабсан, бу асосий таркибинг эмас-ку, легионерларинг қани, демади-ку. Ким ўйнамасин, барибир бу Миллий жамоа.

Наманган вилояти ҳокимига ташаккур айтаман, у киши биз билан учрашди, барча шароитларни яратиб беришини айтди. Умид қиламиз, ўйинларимиз чиройли ўтади. Насиб бўлса, миллий жамоамиз бошқа вилоятларда ҳам ўйнайди», - дея Азиз Ҳайдаровнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси 26 март куни Наманганда Ганага қарши, 29 март куни эса Тошкентда Ироқ миллий жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

Мавзуга оид