Жамият | 16:59 / 26.03.2021
12222
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда МИБ ходимларини калтаклаган шахсларга суд ҳукми ўқилди

Самарқанд вилояти Ургут туманида Мажбурий ижро бюроси ходимларини калтаклаган икки нафар шахсга суд ҳукми ўқилди. Унга кўра судланувчиларнинг иккаласи ҳам 2 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини олган.

Фото: Видеодан кадр

Маълум бўлишича, 2020 йил 13 ноябр куни МИБ Ургут тумани бўлими ходимлари 10944-сонли ижро ҳужжати бўйича фуқаро Э.Боймуродовнинг Бешкапа маҳалласида қурган ноқонуний дўконини буздириш учун боришган. Э.Боймуродов МИБ ходимларининг қонуний талабини бажармасдан, уларни ҳақорат қилиб, дўппослаган, кийимларини йиртиб ташлаган. Унга А.Облаев қўшилган. Оқибатда МИБ ходими Х.Дастамов ва Б.Мансуров жиддий жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Яна уч нафар ходим енгил тан жароҳатлари олган.

Суриштирувларда қайд этилишича, Э.Боймуродов ва А.Облаев МИБ ходимлари билан бирга, уларни ҳимоя қилмоқчи бўлган Миллий гвардия ходимлари ва «Бешкапа-1» маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Қ.Жўраевани ҳам ҳақорат қилишган ва уриб енгил тан жароҳатлари етказишган.

2021 йил 12 март куни жиноят ишлари бўйича Ургут туман судида судья А.Ахмадов раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида МИБ ходимларини дўппослаган шахсларга ҳукм ўқилди. Унга кўра судланувчилар Э.Боймуродов ва А.Облаев жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми «а» банди, 219-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, уларга 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид