13:10 / 27.03.2021
6428

Тижорат банклари нақд валюта маблағларини Марказий банк рухсатисиз олиб кириши мумкин

Тижорат банкларига 3 кун муддатда хабарнома тақдим этиш шарти билан нақд валюта маблағларини Марказий банкнинг рухсатисиз олиб кириш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, энди тижорат банкларидан нақд валюта маблағларини олиб киришда Марказий банкнинг рухсати талаб этилмайди, 3 кун муддатда бу ҳақда Марказий банкка хабарнома тақдим этилиши кифоя.

Аммо тижорат банклари томонидан нақд валюта маблағларини Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш Марказий банкнинг рухсати асосида амалга оширилади.

МБнинг рухсатини олиш учун тижорат банклари республикадан олиб чиқишга мўлжалланган валютанинг тури, унинг суммаси, валюта маблағлари қайси давлатга олиб чиқилиши, хорижий банкнинг номи, нақд валюта маблағларини олиб чиқиш мақсадлари кўрсатилган аризани Марказий банкка тақдим этиши керак.

Тижорат банкларининг нақд валюта маблағларини олиб чиқиш учун мурожаати МБ томонидан 3 банк иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қаноатлантириш тўғрисида хулоса тасдиқланган буюртмалар бўйича тижорат банки ва мижозлар ўртасидаги барча ҳисоб-китоблар кейинги банк иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда амалга оширилади. Белгиланган вақтда ҳисоб-китоблар якунланмаган бўлса, келишув бекор қилинган деб топилади.

Маълумот учун, шу пайтгача тижорат банклари томонидан нақд валюта маблағларини Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш ва олиб кириш МБ рухсати асосида амалга оширилган.

Top