Бола ўсмирлигида мустақил қарор қабул қилишни ўрганмаса, катта ҳаётда ҳам уни кимдир бошқариши керак бўлади

Ўсмирлик йиллари – ота-оналар учун ҳам, болалар учун ҳам мураккаб давр. Бу ёшда фарзандлар ўз фикрини энг тўғри деб ҳисоблашади. Ота-оналар ҳам кичкинтой деб ҳисоблаб юрган боласининг энди ўз фикрини, ўз қарашларини аён қилишларини қабул қилишлари қийин бўлади. Айниқса, фақат боласининг ғамида яшайдиган оналарда бу жараён қийин кечади. Бунда улар ўзларини худди энди боласига кераксиз бўлиб қолгандай ҳис қилишлари мумкин.

Болалар ҳам ўзларини ақлан катта бўлгандай ҳис қилишса-да, моддий ва жисмоний жиҳатдан ота-онага тобе бўлиб қолаверади. Барча тушунмовчиликлар шундан келиб чиқади.

Ўсмир болалар учун ўзидан бошқа ҳамма ноҳақ. Агар ота-онаси томонидан унинг фикри рад этилса, бола бу фикрда янаям қатъийлашади. Бундай вазиятда ота-оналар унинг фикрини ҳурмат қилишларини сездиришлари ва шунинг баробарида ўйлаган қарорларининг натижаси ҳақида маслаҳатлашишлари керак бўлади. Бунда болага саволлар бериш орқали уни ўйлашга ундаб, тўғри қарор чиқариш имкониятини бериш лозим.

Ҳар бир ота-она фарзандини турли муаммолардан ҳимоя қилишни истайди. Аммо ўсмир ёшда бола ўқиши, мактаби, баҳолари билан боғлиқ қарорлар қилиши ва шу қарорларининг натижасига жавоб беришни ўрганади. Шу жойда уларга эркинлик берилмаса, катта ҳаётда ҳам доимо уларни кимдир бошқариши керак бўлади.

Ўсмир ноқобил дўст танласа...

Бола дўстга муҳтож. Болани уйга қамаш ёки ким биландир дўстлашишини тақиқлаш унда янада катта қаршилик уйғотади. Фарзанди ноқобил дўст танлаган ота-она унга шундай бошқа бир жамоани ёки дўстни таклиф қилиши мумкин.

Масалан, боланинг бирга ўйнайдиган дўстларини ота-онаси ёқтирмайди. Уни ўша ноқобил боладан айириш учун, фарзандингиз у билан вақт ўтказадиган пайтни мўлжаллаб бошқа бир даврани – спорт тўгараги, қўшимча машғулот кабиларни таклиф қилиши керак. Бунда мажбурлаш ярамайди, танлаш имкониятини бериш керак – шунда бола ўзи танлов қилгандай ҳис қилишига эришиш мумкин.

Ҳар доим тарбияда хотиржам иш тутиш керак, шошилмаслик керак. Чунки бола ҳали ўзини қидиряпти – унга ўзлигини топишига имкон берган маъқул.