10:46 / 28.03.2021
2968

Самарқандда туман ҳокимлиги газетасини 6-синф ўқувчиларига 5 000 сўмдан сотган ўқитувчига чора кўрилди

Самарқанд вилояти Самарқанд туманида жойлашган мактабда директор ўринбосари ҳокимият ва халқ депутатлари туман кенгаши муассислигида чиқадиган газетани 6-синф ўқувчиларига 5 000 сўмдан сотган. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Самарқанд туман ҳокимлиги ва халқ депутатлари туман кенгаши муассислигида чиқадиган «Гулобод тонги» газетасининг 2021 йил 19 февралдаги 7-сонида фахрий педагог А.И.нинг 70 ёшга тўлиши муносабати билан мақола эълон қилинган. 16-мактаб директори ўринбосари А.Ф. ҳамкасби ҳақида мақола чоп этилганлиги учун газетанинг ўша сонидан 20 донасини 3 минг сўмдан 60 минг сўмга, яна 10 донасини туҳфа тариқасида олган.

Шундан сўнг, А.Ф. 30 дона газетанинг 10 донасини А.И.га совға тариқасида топширган. 16-мактаб директори Д.Юсупованинг топшириғига кўра, А.Ф. қолган 20 дона газетани ўқитувчиларга бепул тарқатиши лозим бўлса-да, у газетани 6-синф ўқувчиларига беш минг сўмдан сотган. Шундан сўнг, ўқувчиларнинг ота-оналари бу ҳақда ижтимоий тармоқларда танқидий постлар эълон қилган.

Самарқанд тумани халқ таълими бўлими масъуллари мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борган ва ҳақиқатдан 16-мактаб директори ўринбосари А.Ф «Гулобод тонги» газетасини ўқувчиларга 5 000 сўмдан сотгани аниқланган. Таъкидланишича, А.Ф.нинг ўзбошимчалик билан қилган ушбу хатти-ҳаракати туфайли унга «Ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.

Top