Жаҳон | 12:40 / 31.03.2021
13140
1 дақиқада ўқилади

Россия қурилиш соҳасида ишчи етишмаслиги мигрантлар қайтгандан кейин ҳам сақланиб қолиши маълум қилинди

Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин Россия чегараларини очса ва илгари мамлакатда ишлаган хорижликлар қайтган тақдирда ҳам, қурилишларда барибир меҳнат мигрантлари етишмаслигини айтиб ўтди.

Россия қурилиш иншоотларида ишчи кучининг етишмаслиги, пандемия сабабли мамлакатдан чиқиб кетган мигрантларнинг қайтишидан кейин ҳам сақланиб қолади. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин маълум қилди.

«Бизда қурилиш-монтаж ишлари ҳажмининг ўсиши меҳнат ресурсларига қараганда анча юқоридир. Биз илдам ўсмоқдамиз, иш ҳажмларини кўпайтиряпмиз. Чегаралар очилиши натижасида меҳнат мигрантлари қайтса ҳам, бу соҳада бизда ишчилар етишмайди», — деди у.

Бу борадаги яна бир омил россияликларнинг қурилиш соҳасидаги ишларда таклиф қилинаётган ойликка ишлашни истамаслигидир.

Аввалроқ у Россиядаги қурилиш майдонларида муҳожирларнинг етишмаслиги соҳа учун муаммо бўлса-да, меҳнат унумдорлигини оширишга имкон берганини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, пандемия даврида 1,5 миллион меҳнат муҳожири мамлакатни тарк этган.

Аввалроқ Россия 1 апрелдан Тожикистон ва Ўзбекистон билан парвозларни қайта тиклашни режалаштираётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид