13:37 / 01.04.2021
10185

Жиззахдаги номаълум портлаш овозининг сабаби очиқланди: магистрал газ қувури ёрилиб кетган

Жорий йилнинг 30 март куни тунда Жиззах вилоятининг Зарбдор ва унга ёндош туманларида одамлар қаттиқ портлаш овозини эшитишган. Маълум бўлишича, портлаш овози шу туман ҳудудидан ўтган магистрал газ қувурининг ёрилиши натижасида келиб чиққан. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» АЖ маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, 30 март куни соат 21:57да Жиззах вилояти Зарбдор туман «Нурафшон» ширкат хўжалиги ҳудудидан ўтган диаметри 1020 мм бўлган «Пахтакор–Янгиер» магистрал газ қувури 1-тармоғи 30-километрида қувур ёрилиб кетган.

Ҳолат юзасидан тезкорлик билан ваколатли органларга хабар берилган. Натижада, соат 22:25да «Ўзтрансгаз» АЖ марказий диспетчерлик хизмати кўрсатмаси билан «Пахтакор–Янгиер» магистрал газ қувурининг 19-километри ва 54-километрида беркитиш мосламалари тўлиқ ёпилган.

Қувур ёрилишида ҳеч ким жароҳат олмаган ва жабрланмаган. Соат 00:00 атрофида махсус бригада зарурий авария тиклаш техника воситалари билан воқеа жойига етиб борган. Авария оқибатларини бартараф этиш, магистрал газ қувури фаолиятини тезкорлик билан тиклаш мақсадида штаб ташкил этилган.

Энергетика вазири Алишер Султонов ҳодиса кўлами ва уни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни бевосита ўрганиш ҳамда тегишли чора кўриш учун зудлик билан воқеа жойига етиб борган.

Кеча, 31 март куни узунлиги 36 метр бўлган қувур монтаж қилинган ва соат 17:00га қадар магистрал газ қувури ишга туширилган.

Маълумот учун, мазкур магистрал газ қувури 1984 йилда ишга туширилган.

Top