Ўзбекистонда анор плантациялари майдони фаол равишда кенгайтирилмоқда. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Фарғона вилоятидаги анор боғларининг умумий майдонини 2025 йилга қадар 20 минг гектарга етказиш ва улардан йилига 200 минг тоннадан зиёд ҳосил йиғиб олиниши режалаштирилаётгани маълум қилинган. Хусусан, Риштон ва Олтиариқ туманларида 1400 гектар майдонда янги анор боғлари яратилган. Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қашқадарёда анор плантациялари яна 2 минг гектарга кўпайганини эълон қилди.
Бундан ташқари, ЎзА маълумотларига кўра, 2021-2022 йилларда Сурхондарёда 9 минг 432 гектар ерда анорзорлар барпо этилиши ва йиллик ҳосил ҳажмини яқин келажакда 300 минг тоннага етказиш кўзда тутилган.
Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги режалар, шунингдек, мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги мавжуд плантациялар ҳисобга олинса, яқин 5-10 йил ичида республикада анор ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми камида 600 минг тоннадан ошиши прогноз қилинади.
EastFruit бу режалар амалга ошишида бир қанча омил халақит бериши мумкинлиги ҳақида материал эълон қилди.
Биринчидан, бу анор етиштириш учун жуда мос бўлмаган Ўзбекистоннинг иқлими. Ҳатто мамлакатнинг жанубий минтақаларида ҳам ер қишда вақти-вақти билан музлайди. Бу эса ҳатто бир гектар майдонда анор етиштиришни мураккаб жараёнга айлантириб қўяди. Агар ўнлаб ва юз минглаб гектар майдонларда ишлар йўлга қўйилса, унда бу ҳудудлардаги анор буталарини қишки совуқдан қандай ҳимоя қилиш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин.
Иккинчидан, бу бизнесни режалаштиришда қўйиладиган улкан ҳосил кўрсаткичлари. Ҳақиқат режаларга қараганда камроқ оптимизмга эга бўлади.
Учинчидан, жаҳон анор бозори тобора ўсиб бормоқда, аммо унга маълум навларнинг юқори сифатли мевалари керак, Ўзбекистонда эса жаҳон бозорида унчалик қиммат бўлмаган ва талаб пастроқ маҳаллий селекцияга эътибор қаратилмоқда.
Агар ишлаб чиқариш шу қадар тез ўсса ва анъанавий маҳаллий навлар етиштиришда давом этилса, Ўзбекистон анорни саноат усулида қайта ишлаш ҳақида ўйлаши мақсадга мувофиқ бўлади.















