Фармонга асосан, ички ишлар органлари ходимларини ахлоқий-руҳий қўллаб-қувватлаш фаолияти бўйича сифат жиҳатидан янги тизим жорий этилади.

Унга кўра:

  • ички ишлар органлари тузилмаларида ахлоқий-руҳий қўллаб-қувватлаш бўлинмалари ташкил этилади;
  • ички ишлар органлари тизимида психологик хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш ва уларга шартнома асосида мутахассис-психологларни жалб этиш имконияти яратилади;
  • хизмат хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ходимлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ва руҳий тушкунлик ҳолатларининг барвақт олдини олишга қаратилган якка тартибда ахлоқий-руҳий ишлашнинг замонавий методлари татбиқ этилади;
  • ходимларнинг психологик портретини мажбурий ҳисобга олиш тартибини жорий этган ҳолда, ички ишлар органларининг қабул ва шаҳодатлаш комиссияларида мутахассис-психологларнинг роли оширилади.

Бундан олдин, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятига уларнинг самарадорлигини ошириш ва ортиқча хизмат юкламасини қисқартиришга йўналтирилган замонавий ахборот технологиялари татбиқ этилиши хабар қилинганди.