Молия вазирининг “Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетини тузиш ва ижро этиш қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Низом Бюджет кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетини тузиш ва ижро этиш қоидаларини белгилайди.

Давлат бюджети давлат пул маблағларнинг марказлаштирилган жамғармаси бўлиб, молия йили мобайнида даромадлар манбаларини ва уларнинг ҳақиқий тушумлар миқдорини, шунингдек аниқ мақсадларга ажратиладиган маблағларнинг сарфланиш йўналиши ва миқдорини кўзда тутади.

Давлат бюджети қуйидаги даражадаги бюджетлардан иборат:

республика бюджети;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети тузилмасига Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ва шаҳарлари бюджетлари киради.

Вилоятлар маҳаллий бюджетлари тузилмасига вилоят бюджети, тегишли вилоятлар туманлари ва шаҳарлари бюджетлари киради.

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети тузилмасига шаҳар бюджети ва шаҳар таркибига кирувчи туманларнинг бюджетлари киради.

Давлат бюджетини тузишда унинг даромадлар ва харажатлар ёйилмалари республика бюджети, Қорақалпоғистон республика бюджети, вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳар бюджети ҳамда уларнинг туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадлар ва харажатлар ёйилмалари асосида тузилади.

Давлат бюджетининг даромадлар ва харажатлар ёйилмалари бир молия йили муддатига тузилади ва амал қилади.

Давлат бюджетининг даромадлар ва харажатлар ёйилмалари сўмда тузилади.

Давлат бюджетининг даромадлар ва харажатлар ёйилмаларини шакллантириш, тасдиқлаш ва унга ўзгартиришлар киритиш Молия вазирлиги Ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Давлат бюджетини тузиш жараёнида Давлат бюджети тузилмасига кирадиган бюджетлар ўртасида ажратмалар нормативлари белгиланадиган солиқлар ва солиқсиз тушумлар таркиби аниқланади ҳамда уларга ажратиладиган даромадлар ажратма миқдорлари белгиланади.

Қорақалпоғистон бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари харажатларини уларнинг даромадларидан ошиб кетишига – тақчиллигига – йўл қўйилмаслик мақсадида тегишинча даромадларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш тизими орқали улар даромадлари ва харажатлари баланси таъминланади.