Президент томонидан «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.
Ҳужжат билан қуйидагилар маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
- эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш;
- оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбия узвийлигини таъминлаш;
- аҳолининг интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш;
- геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
- эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.
Республика Маънавият ва маърифат марказининг давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик йўналишидаги, илмий-тадқиқот ва тарғибот-ташвиқот йўналишидаги қўшимча вазифалари белгиланди.
Маънавий-маърифий, илмий-ижтимоий мавзулардаги долзарб мақолалар, жамоатчилик вакилларининг илғор фикрлари, шунингдек мафкуравий жараёнлар таҳлили, соҳага оид янгиликларни тўплаш, тайёрлаш ва тарқатиш мақсадида «oyina.uz» электрон портали ташкил этилади.
Портал фаолиятини йўлга қўйиш учун марказга қўшимча 15та штат бирлиги ажратилади ва унинг тузилмасида рақамли тарғибот бўлими ташкил этилади.
Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларига қўшимча 2тадан, туман бўлинмаларига аҳоли сони 200 мингдан ортиқ бўлганда 2тадан, 200 мингдан кам бўлган тақдирда эса 1тадан қўшимча штат бирликлари ажратилади. Мазкур штат бирликлари маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
«Маънавият тарғиботчиси» таълим муассасаси негизида марказ ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилади. Шунингдек, «Тафаккур» ва «Маънавий ҳаёт» журналлари ҳамда «Маънавият» нашриёти марказ тасарруфига ўтказилади.















