Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Биринчи ўйин
«Манчестер Сити» — «Боруссия» Д — 2:1 (1:0)
Голлар: Де Брюйне, 19 (1:0). Ройс, 84 (1:1). Фоден, 90 (2:1).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Стоунс, Жоау Канселу, Рубен Диаш, Гундўған, Де Брюйне, Эрнандес, Фоден, Маҳрез, Бернарду Силва (Габриэл Жезус, 59).
«Боруссия»: Ҳитц, Ҳуммелс, Аканжи, Морей (Менье, 81), Ройс, Эмре Жан, Рафаэл Геррейру, Дауд (Дилэйни, 81), Беллингем, Ҳоланд, Кнауфф (Рейна, 63).
Огоҳлантиришлар: Эмре Жан, 30. Беллингем, 37.
Ҳакам: Ҳацеган (Руминия).
6 апрел. Манчестер. «Этиҳад» стадиони.
Пеп Гвардиола Манчестерда бешинчи мавсумини ўтказмоқда. У «Сити» билан Англияда ютиш мумкин бўлган барча совринларни ютган, учинчи марта чемпионлик ҳам яқин. Лекин барчага маълумки, каталониялик мураббий учун асосий мотивация — Чемпионлар лигаси.
«Манчестер Сити»га қандайдир тавқи лаънат ёпишгандек. Бу сўнгги йилларда сайёранинг энг кучли жамоаларидан бири бўлиб турибди, «шаҳарликлар» ҳар мавсум Чемпионлар лигасида фаворитлар қаторида бўлади, аммо жамоа шу вақтгача бирор марта финалга қадар етиб бормаган. Пепнинг «Сити»даги тўрт евромавсуми ҳақида қисқача:
2016/17 — 1/8 финалда «Монако»га мағлуб бўлиш;
2017/18 — 1/4 финалда «Ливерпуль»га мағлуб бўлиш;
2018/19 — 1/4 финалда «Тоттенҳэм»га мағлуб бўлиш;
2019/20 — 1/4 финалда «Лион»га мағлуб бўлиш.
Бу парадокс: замонанинг энг кучли мураббийларидан бири сараланган футболчилар таркиби билан ҳам тўрт йил ичида бирор марта Европанинг энг кучли тўрт жамоаси қаторидан жой ололмаган. Ҳамиша нимадир тўсиқ бўлаверган: гоҳ йўлдан Мбаппе чиққан, гоҳ Клопп, гоҳида эса ВАР (2019 йил баҳорида «Тоттенҳэм»га қарши жавоб ўйинида қўшимча вақтда Стерлинг урган гол бекор қилинганди). Ўтган ёзда «Сити»га ҳеч ким қаршилик қила олмайдигандек эди: жамоага чорак финалда мавсумни жуда бўш ўтказган ва якунда еврокубокларга йўлланма ола билмаган «Лион» рақиблик қилганди. Аммо французлар пандемия туфайли плей-офф ўйинлари қисқартирилган шароитда - бир ўйинда сенсацион равишда ғалаба қозонишди - 3:1. Ўшанда мағлубият учун айнан Гвардиолани айблашди — гўёки у тактика тузишда футболчиларнинг сонини ҳисобга олмай чалкашиб кетган.





















