Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Биринчи ўйин
«Бавария» — «ПСЖ» — 2:3 (1:2)
Голлар: Мбаппе, 3 (0:1). Маркиньос, 28 (0:2). Шупо-Мотинг, 37 (1:2). Мюллер, 60 (2:2). Мбаппе, 68 (2:3).
«Бавария»: Нойер, Алаба, Зюле (Боатенг, 42), Эрнандез, Павар, Киммих, Мюллер, Коман, Горецка (Дэйвис, 33), Шупо-Мотинг, Сане.
«ПСЖ»: Навас, Маркиньос (Эррера, 30), Кимпембе, Диалло (Баккер, 46), Дагба, Гейе, Дракслер, Данилу Перейра, Ди Мария (Кин, 71), Неймар (Рафинья, 90), Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Эрнандез, 35. Дракслер, 62. Киммих, 70. Боатенг, 72. Шупо-Мотинг, 89.
Ҳакам: Матеу Лаос (Испания).
7 апрел. Мюнхен. «Алльянц Арена» стадиони.

Чоршанба куни Мюнхенда қор ёғди. Германияда одатда бундай шароитдаги футбол Рождество кунларида — Бундеслиганинг биринчи даврасининг сўнгги турида кузатиларди. Афтидан, ноодатий об-ҳаво ҳам бу оқшом мухлисларни қандайдир ўзгача ўйин кутаётганидан дарак берарди. Бу ўтган мавсум финали ремейки эмас, янги ва жозибадор тарих бўлишини кўпчилик ҳис қилиб турарди.

Солиштиришлардан қочиб бўлмасди, фақат етти ярим ой ичида кўп нарса ўзгарди. «Бавария» мухлислари илоҳийлаштираёзган Ҳанс Флик спорт директори Ҳасан Салиҳамиджич билан тил топиша олмаяпти ва Германиядан келаётган хабарларга кўра, ёзда клубни тарк этиши мумкин. «ПСЖ» эса янги йилни янги бош мураббий Маурисио Почеттино билан кутиб олган.

Аргентиналик мутахассиснинг ишидан хулосалар қилишга ҳали эрта, ҳозирги таассуротлар ҳеч нарсани англатмайди. Жамоа ўтган босқичда «Барселона»га қарши «Камп Ноу»да кечган ўйинда тўла устунликка эришганида мураббийнинг ҳам қўли бор. Бошқа томондан — парижликлар Франция чемпионатида ўзларига хос бўлмаган иккинчи ўринда кетишмоқда, Покеттино қисқа вақт ичида нафақат тўғридан тўғри рақиблари «Монако» ва «Лилль»га, балки лигада қолиш учун курашаётган «Лорьян» ва «Нант»га ҳам ютқазди.

Соддароқ айтганда, ҳозирги «ПСЖ» энди Томас Тухелнинг давридаги жамоа эмас, шу билан бирга, ҳали Почеттино жамоасига айлана олгани йўқ. Янги жамоа тўлиқ шаклланмаган ва Неймарнинг нима қилишини олдиндан билиб бўлмайди. Тўрт кун муқаддам бразилиялик футболчи ички чемпионат ўйинида қизил карточка олганди, энди эса 30-дақиқагача икки доҳиёна пас муаллифи бўлди ва Мюнхендаги ўйин олдидан Instagram’даги саҳифасида бежиз буюк баскетболчи Коби Брайантдан иқтибос келтирмаганини исботлади: «Одамлар мен қанчалар ғалабалар шайдоси эканимни тушунишмайди».