Жамият | 18:27 / 09.04.2021
13419
5 дақиқада ўқилади

Қаршида ҳужжатсиз, рухсатсиз ўрнатилган кран: кўп қаватли уй аҳолиси ўз турар жойидан хавотирда

Қарши шаҳридаги Оқтепа маҳалласи аҳолиси кўп қаватли турар жойнинг ҳимоя ҳудуди эътиборга олинмасдан ўрнатилган қурилиш крани устидан шикоят қилиб таҳририятга мурожаат қилишди.

«Тадбиркор кўп қаватли уйимизнинг ҳимоя зонасида кран ўрнатди. Ҳокимликка қилган мурожаатларимиздан фойда бўлмаяпти. Болаларимиз ўйнайдиган жой эди. Шамол вақтида кран йиқилса, турар жойимизга ва шу атрофда ўйнаб юрган болаларимизга зарар етказади», дейилган мурожаатда.

Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш учун Қарши шаҳрига борди. «Озод ва обод ватан» бошқарув шаклидаги МЧЖга тегишли кўп қаватли уйнинг олд қисмида «кран» ўрнатилган. Хавфсизлик техникасига мутлақо жавоб бермайди. Ачинарлиси, краннинг ғилдирагини тўхтатиб туриш учун тош ва ёғоч бўлаги тираб қўйилган.

Кейинчалик ўзини тадбиркор деб таништирган йигитнинг айтишича, кранни мувозанатда тутиб турувчи ортидаги бетонларнинг оғирлиги 30 тонна экан.

«Тадбиркор яшил майдон деб белгиланган жойга кранни ўрнатди. Рельс турган жойнинг тагидан канализация ўтган. Болаларимиз ўйнашига жой йўқ. Камига уйни қурган қурувчига ялина-ялина аранг қурдирган «беседка»ларимизни бузамиз дейишмоқда.

Умида Маматова

Краннинг ўрнатилиши хавфсизлик техникасига зид. Симлари очиқ. Ҳозир токка уланмаган бўлса ҳам хавфли. Болалар зинасидан тепага чиқиши мумкин. Ота-оналар уларнинг ортидан доим кузатиб ўтиролмайди-ку?

Шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилдик. Улар «кран ишга туширилмайди, тўхтатилади ҳамма ишлар, қачонки ҳужжатларини тақдим этса, биз рухсат берсак ишларини бошлайди», дейишди. Лекин тадбиркор ўша куниёқ кранни тикка қилди», — дейди «Озод ва обод ватан» бошқарув шаклидаги МЧЖнинг ҳудудий раҳбари Умида Маматова.

«Бизга мана бу кран халақит беряпти. Шийпончаларимизнинг нарёғида ишлатаверсин. Хоҳласин гипермаркет қурсин, хоҳласин уй қурсин. Ҳозир бунинг туриши хавфли. Бу ерда болаларимиз ўйнайди. Машиналар тирбанд бўлиб ётибди. Шундоқ ҳам болалар майдончамиз йўқ. Қурувчимиз ҳамма жойни чала қилиб кетган.

Зилола Суропова

Кран масаласи бўйича бормаган жойимиз қолмади. Ҳокимликка ҳам бордик, қурилиш бошқармасига ҳам. Ҳаммаси келиб кўради, бизга бошқа нарса дейди, қурувчига бошқа нарса. Кимга мурожаат қилишимиз керак?

Мана, болалар ўйнаяпти. Бирор нарса тушиб кетса ким жавоб беради – қурувчи жавоб берадими? Токи бирор нима бўлмагунча ҳеч нарса бўлмайди, дейиш керакми? Бўлмасидан олдини олиш керак эмасми?» - дейди шу уйда яшовчи фуқаро Зилола Суропова.

Аҳоли ушбу кран кўп қаватли уйнинг ҳимоя ҳудудида тикланганини таъкидламоқда. Қолаверса, бир томон рельси уйнинг канализацияси устига ўрнатилган.

Улуғбек Расулов

«Мана шу краннинг рельси ўрнатилган жой уйимизнинг канализацияси усти. Канализация қувури пластмасса, ҳозиргача қайрилиб ичи тўлиб қолмоқда. Тадбиркорни огоҳлантирдик. Тўхтатиш ўрнига кранни бадтар йиғяпти», — дейди МЧЖ сантехниги Улуғбек Расулов.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари Ғайрат Султонов билан боғландик. Ҳозирда бошқа ҳудудда эканлигини айтган масъул саволларимизга телефон орқали жавоб беришини айтди.

«Тадбиркорга рухсат бермаганмиз. Рухсат бўлиши учун «Катнадзор» ва «ГАСН»га хат билан чиқишим керак. Иккита уйнинг орасида 25 метрдан кам жой қолмаслиги керак. Қўлимизда аниқ ҳужжат йўқ», — дейди Ғайрат Султонов.

Кўп қаватли уй ва олдидаги ҳовли девори орасини ўлчаб кўрдик. Кран 10 метрда жойлашгани, деворгача 20 метр эканлиги маълум бўлди.

Тадбиркорнинг акаси деб ўзини таништирган Отабек исмли шахс эса, ҳокимлик рухсат берганлигини, қурилиш учун барча ҳужжатлари етарли эканини таъкидлади.

«Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари берган рухсатномага асосан қурилишни бошладик. Рухсатнома бўлмаса харажат қилиб кран олиб келармидик?» — дейди у.

Ҳоким ўринбосари ҳужжати йўқлигини, тадбиркор эса аксини таъкидлайди. Аҳоли эса фарзандлари хавфсизлигидан хавотирда. Вазиятга ойдинлик киритиши лозим бўлган масъуллар эса ҳудудга келолмади. Тадбиркор эса кўплаб ҳужжатлар нусхасини кўрсатди, лекин кранни ўрнатишга бўлган рухсатномасини кўрсатолмади. Интервью беришни ҳам истамади.

Масъуллар ушбу ҳолатни беэътибор қолдирмайди, деган умиддамиз. Kun.uz вазиятни кузатишда давом этади.

Ўролжон Камолов, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид