Kun.uz'нинг Uzbek.Life лойиҳаси чет элдаги ҳамюртларимизнинг турли мавзулардаги қизиқарли материалларини бериб боришни йўлга қўймоқда. Бугунги дастлабки мақолада бир неча йиллардан буён Испанияда яшаётган колумнист Мақсуд Саломов Каталониядаги жамоат транспорти ҳақида сўз юритади.

Каталония – Испаниядаги мухтор ҳудуд. Тўртта провинция – Барселона, Таррагона, Лейда ва Жиронадан иборат. Провинциялар ҳам бир қанча шаҳарлар ва бошқа ҳудудий бирликлардан ташкил топган.

Жамоат транспорти турлари, шароитлари ва нархлари провинция ва шаҳарга қараб фарқ қилади. Каталониядаги жамоат транспорти ҳақида умумий тасаввурга эга бўлишингиз учун битта катта, битта кичик шаҳарни мисол сифатида оламиз: катта шаҳар – Барселона (Барселона провинцияси пойтахти), кичик шаҳар эса – Жирона (Жирона провинцияси пойтахти).

Ўзим Жиронада яшаганим сабабли, келинг, саёҳатни Жиронадан бошлаймиз.

Жиронада автобусдан бошқа жамоат транспорти воситаси йўқ

Жирона, шаҳар ичида қатновчи одатий автобус

Нисбатан кичик шаҳар бўлгани сабабли Жирона шаҳри ичидаги ягона жамоат транспорти – автобусдир. Автобуслар 10 та йўналиш бўйлаб қатнайди, лекин улардан фойдаланувчилар у қадар кўп эмас. Бунинг сабаби иккита:

1. Жирона – кичик шаҳар ва диққатга сазовор ерлар ёки асосий ҳукумат ташкилотларининг деярли барчаси бир-бирига яқин жойлашган. Шаҳарни бемалол пиёда кезиб чиқиш мумкин.

2. Ҳозирда пандемия сабабли кишилар автобусдан имкон қадар фойдаланмасликка ҳаракат қилади.

Автобусда йўл ҳақини нақд тўлай олиш – қулайлик

Жиронада автобус ҳақини нақд тўлашингиз мумкин. Нақд тўланганда бир марта автобусдан фойдаланиш учун 1,4 евро (тахминан 17 400 сўм) тўлайсиз.

Автобусда йўл ҳақини тўлаш учун нақд пул ҳам қабул қилинишини жуда қулай деб биламан. Кўпгина Европа шаҳарларида автобус ҳақини нақд тўлай олмайсиз. Албатта йўл чиптаси сотиб олишингиз керак бўлади. Бундай чипталар эса махсус бекатлар ёки чипта автоматларида сотилади. Чиптани харид қилиш учун эса улар сотиладиган бекат ёки чипта автоматини топиб олишингиз керак. Ҳар замонда бир автобусга чиқадиган киши учун бу ноқулайлик туғдириши мумкин.