Ўзбекистон | 08:15 / 12.04.2021
2557
2 дақиқада ўқилади

Қувасойдаги кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлди

Фото: Фарғона вилояти ФВВ ахборот хизмати

11 апрель куни соат 06:25 да Фарғона вилояти Қувасой шаҳар «Зийнат» МФЙ, Азизов кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида чақнаш содир бўлган.

Фарғона вилоят ФВБ ахборот хизматининг хабар беришича, воқеа газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши натижасида содир бўлган. Таъкидланишича, хонадон табиий газдан қарздорлиги сабабли тармоқдан узиб қўйилган. Бироқ хонадон эгаси, фуқаро А.И. ўзбошимчалик билан резина шланг орқали ёнғин ва техника хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ҳолда тармоққа қайтадан ноқонуний уланиб олади.

Натижада хонадон эгаси газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида турли даражада куйиш тан жароҳатлари олган ҳамда даволаниш учун шифохонага ётқизилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан масъул мутасадди ташкилотлар томонидан бинонинг фойдаланишга яроқлилик ҳолати ўрганилаётгани маълум қилинган. Шунингдек, чақнаш бинонинг 4-қаватида содир бўлгани сабабли, қўшни 16 та хонадонда яшовчи 36 нафар фуқаро яқин қариндошлариникига вақтинча кўчирилган.

Ҳолат бўйича терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид