Бухоро шаҳрида тадбиркорлардан бирига кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаган корхонага тўланиши лозим бўлган пулни ўтказиб беришда «ҳақ» олган мансабдор ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Бухоро вилояти бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси Бухоро шаҳар бўлими бошлиғи С.Х. пора билан ушланган.

Қайд этилишича, у «А.О.» МЧЖ раҳбарининг ишончига кириб, шаҳардаги кўп қаватли уйларда бажарилган таъмирлаш ишлари учун тўланиши лозим бўлган 23,6 миллион сўмни жамият ҳисобрақамига ўтказиб бериш эвазига 2,3 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан С.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бухорода туман ҳокимлиги захирасидаги ерни 13,5 минг долларга сотаётган шахс ушланди