Kun.uz мухбири бир гуруҳ сотувчилар мурожаатига биноан Бўстон туманига борди. Туман Марказий деҳқон бозорида яқин йилларда қурилган, аммо ҳувиллаб ётган дўконлар кўп.


Бозорда савдо-сотиқ қилиш учун етарлича шароитлар яратилган. Аммо дўконларнинг аксарияти ўз сотувчисига эга эмас, ишлаб турганида ҳам харидорлар деярли йўқ.

Сотувчилардан бири ушбу ҳолатни харидорлар автошоҳбекатдан қайтиб кетиши билан изоҳлади.
«Бу ерда очилганидан бери савдо қиламиз. Харидорлар деярли кирмайди. Сабаби — одамлар керакли нарсани автовокзалдаги ёймачилардан олиб кетаверади. Биз эса ойига ижарага пул тўлаймиз, солиқ тўлаймиз. Бозоримиз иккига бўлиниб кетган. Ҳокимиятга ва солиқ бўлимига мурожаат қилганмиз. Шароит яратиб берилса ҳам улар кирмаяпти, ташқарида савдо қилишмоқда», — дейди тадбиркор Раъно Жалилова.
Маълум бўлишича, бозор ҳудудидаги 139та дўкондан 60таси бўш, 200та растанинг эса 160таси ўз эгаларини кутмоқда.

Автобус, микроавтобус ҳамда таксилар учун мўлжалланган шоҳбекатни ёймачилар «эгаллаб» олган. Улар ер устига нарсаларини ёйиб, бемалол савдо қилишмоқда. Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, ёймачилар патта пули сифатида кунига шоҳбекатга 5 минг сўм, бозор маъмуриятига 5 минг сўм тўлов қилишади.

Улардан бири нега бозорнинг ичига кириб савдо қилмасликлари ҳақида саволга жавоб қайтарди.
«Ичкарида бизга жой йўқ. Бизга ҳам бу ерда чанг босиб, машиналар тутунини ютиб туриш ҳавас эмас. Масалан, бугун вокзал ҳам патта олди, бозор ҳам патта олди. Бизга бозорга кириб, 10 минг сўм берганимиз қулай. Кўчада ҳамма ёймачилар туриб олганидан кейин ичкарида савдо бўлмайди», дейди ёймачилардан бири.


















