Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Жавоб ўйини
«Ливерпуль» (Англия) — «Реал» (Испания) — 0:0
«Ливерпуль»: Алиссон, Робертсон, Александр-Арнолд, Филлипс, Ўзан Кабак (Тиагу Алькантара, 60), Милнер (Жота, 60), Вейналдум, Фабинью, Роберто Фирминьо (Окслейд-Чемберлен, 82), Салоҳ, Мане (Шақири, 82).
«Реал»: Куртуа, Начо, Менди, Эдер Милитао, Модрич, Кроос (Одриосола, 72), Каземиро, Вальверде, Бензема, Асенсио (Иско, 82), Винисиус Жуниор (Родриго, 72).
Огоҳлантиришлар: Робертсон, 25. Каземиро, 25. Филлипс, 59.
Ҳакам: Кюперс (Нидерландия).
14 апрел. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони.
Биринчи ўйин — 1:3.

Зинедин Зидан бошқарувидаги «Реал» Чемпионлар лигасидан плей-оффда чиқиб кетиши фақат бир марта — франциялик мутахассиснинг тўлиқсиз мавсумида рўй берган, ўшанда 1/8 финалда «Манчестер Сити»га қарши икки учрашув ҳам 1:2 ҳисобидаги мағлубият билан тугаганди. Бу мураббий билан мадридликлар асосий еврокубокда қаторасига уч мавсум ғолиб бўлишган, бунга қадар ЕЧЛда бирор клуб аввалги мавсумдаги чемпионликни сақлаб қола олмаганди. Бу ютуқ — ақл бовар қилмас натижа, ҳатто «Қироллик клуби» имкониятларини ҳисобга олганда ҳам.

Лекин бунинг учун Зиданни буюк мураббий деб аташ мумкинми? Ёки ҳеч бўлмаса, замонавийнинг энг яхши мураббийи дейиш? Зизунинг танқидчилари етарлича, худди Клопп ва Гвардиолада бўлгани каби. Аммо немис ва испан мутахассисдан фарқли ўлароқ, 1998 йилги жаҳон чемпионига бир жиддий эътироз бор: «Реал»да «Ман Сити» ёки «Ливерпуль»да бўлган ўзига хос услуб йўқ. Кўпчилик ўша ғалабали уч мавсумда «қаймоқранглилар»га ғолибликни «омад коктейли», ҳакамларнинг хатолари ва Криштиану Роналду омили келтирган деб ҳисоблайди. Кўпчилик эслайди: Финаллардан бирида Рамоснинг голи офсайддан киритилган, бошқасида Кариус ёрдам берган, «Ювентус»га қарши чорак финал ўйинида «юраги ўрнида чиқинди идиши бўлган ҳакам» ишлаган... Бундан ташқари, нисбатан енгил тақвим ҳам «Реал»нинг ишини осонлаштирган. 2015/16 йилги мавсумдаги рақиблар: «Рома», «Вольфсбург», Гвардиоладан олдинги «Манчестер Сити» ва финалда «Атлетико».

Гапнинг индаллоси, Зиданга саволларни кўп бериш мумкин. Ва Зинедин ҳозир жавоб бериши керак. Криштиану аллақачон жамоани тарк этиб кетган. Энди рақиблар қийинроқ: «Реал» энг қийин гуруҳдан плей-оффга чиқди, плей-оффда дастлаб «чақилмас ёнғоқ» «Аталанта»нинг тўсиғидан ўтди, энди «Ливерпуль» турнирдан чиқариб юборилди. Ҳа, ҳозир қизилларнинг энг яхши даврлари эмас: ҳимоя марказида сифатли футболчилар йўқ, жамоавий ўйин ҳам аввалгидек эмас. Аммо «Реал» ҳам кадрлар муаммосига дуч келган: Рамос, Варан, Азар, Васкес, Карвахаль каби футболчилар сафдан чиққан. Ҳакамлар қўллаб-қувватлови ҳақида гаплар ўринсиз: биринчи ўйинда ҳам, жавоб ўйинида ҳам улар рисоладагидек ишлашди.