Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Алишер Саъдуллаев халқаро имтиҳонларда юқори балл олган ёшларнинг харажатлари қоплаб берилиши қандай муаммоларга ечим бўлишини айтди
Ҳукумат қарори билан 1 майдан халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб берилиши маълум қилинди. Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ушбу тизим қандай муаммоларга ечим бўлиши ҳақида фикр билдирди.
«Биринчидан, асосан, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи ёшлар маблағ туфайли грант (scholarship) қидиришади. Лекин тест топширишга ва таваккал қилишга пули бўлмайди. Эндиликда IELTS, SAT, TOEFL, GMAT, GRE ва яна 13 хилдаги халқаро имтиҳонларда юқори натижа кўрсатган ёшларнинг имтиҳон харажати билан боғлиқ муаммолари бўлмайди. Унинг оиласи, ота-онаси ҳам давлатнинг ёрдамини ҳис қилади.
Биргина IELTS халқаро имтиҳонини Ўзбекистонда топширувчилар қайд этган ўртача натижа – 5,7 баллни ташкил этади. Таққослаш учун, Қозоғистонда бу кўрсаткич 6,1 баллни ташкил этади. Бу борада мамлакатимиз 34-ўринда турибди. Юқори натижа кўрсатган ёшларнинг имтиҳон харажатлари давлат томонидан тўлаб берилар экан, ёшлар юқори натижа учун, кўпроқ билим олиш учун ҳаракат қилишлари талаб этилади.
Иккинчидан, бизда чет элга ўқиш ёки ишлаш учун кетадиган аҳолининг зиёли қатлами асосан шу халқаро тест тизимлари орқали кетади. Эндиликда бизда бу зиёли қатламнинг базаси шаклланади. Бу — давлат учун ўта муҳим. Яъни иқтидорли ва салоҳиятли ёшларнинг базаси яратилади.
Учинчидан, «Эл-юрт умиди» жамғармаси учун яхлит тизим. Айнан шу Халқаро тест тизимларида юқори балл олган ёшларни давлат саралаб олиб, хорижий олий таълим муассасаларига жўната олади.
2018-2020 йилларда «Эл-юрт умиди» жамғармасининг стипендиялари орқали хорижда таълим олиш ва стажировка ўташ дастурларининг вилоятлар кесимидаги статистикасига кўра, жамғарманинг энг кўп стипендиати Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда — 695 нафар. Энг кам кўрсаткич эса Сирдарё вилоятига тўғри келмоқда — 2 нафар. Бундан кейинги ўринда Сурхондарё вилояти — 6 нафар. Бу кўрсаткичлар вилоятлар кесимида қаралганда жуда ҳам кам. Марказда кўп, вилоятда эса кам. Бу тизим орқали барчага тенг имкон берилмоқда.
Тўртинчидан, давлатнинг кадрлар сиёсати учун захира кадрлар тизимимиз яратилади. Албатта, тил биладиган, халқаро имтиҳонлардан юқори натижа кўрсатган ва хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олган минглаб кадрларни етиштирамиз.
Бешинчидан, бу механизм — билимли ёшларни қўллаб-қувватлаш, чекка жойдаги ёшларнинг ҳам сифатли таълим олишига, хорижнинг нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олишига ва албатта, давлатимиз учун фойдали кадр бўлиб етишишига кенг йўл очадиган тизим бўлади.
Ёшлардан талаб қилинаётган нарса — интилиш, ҳаракат ва билим олиш. Давлат бугун сиз ёшларга имкониятлар эшикларини очар экан, кун келиб, албатта, давлатимизни янада юксалтиришга ўз ҳиссангизни қўшишингиз лозим. Белни маҳкам боғланг, ёшлар! Замон сизники, имкониятлар сизники!» – деб ёзади Алишер Саъдуллаев.
Мавзуга оид
18:17 / 04.10.2024
Бош вазир Абдулла Арипов шахмат федерациясига раислик қилади
12:09 / 11.08.2022
“Жадидлар” тўплами. Бу ташаббус нега бирдек илиқ қарши олинмади?
20:27 / 08.08.2022
Имтиҳон ҳаяжони ва ҳаётнинг бурилиш нуқтаси – вазирлар абитуриентларга нима дейди?
14:47 / 24.05.2022