Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус қайд этилиши ҳолатлари кескин ошаётгани ҳақида хабар берди. Сўнгги бир кунда мамлакат бўйлаб янги ҳолатлар сони йил бошидан буён илк марта 300дан ошди, Тошкент шаҳрида 227 ҳолат аниқланиб, яна бир киши вафот этди.

Коронавирусни юқтирганлар сони кунлик 300дан ошиб бориши ортидан бугун, 17 апрел куни бош вазир Абдулла Арипов раислигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда маълум қилинишича, Ўзбекистонда вируснинг «африкача» штамми ҳам аниқланган.

«Африкача» штамм ҳам бизга кирди, буни Илғор технологиялар маркази Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати билан биргаликда ўрганиб, ҳаммасини бир-биридан ажратиб чиқди. Ҳозир ҳам жуда чуқур таҳлил олиб бориляпти», деди бош вазир.

Йиғилишда қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёев ҳам ҳозирги пандемия ҳолатидан безовта бўлиб, Республика махсус комиссиясига эътироз билдирган, жойларда карантин тадбирларини ташкил этишда тегишли чоралар кўрилмаётганини таъкидлаган.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 

«Ҳурматли президентимиз ҳозирги пандемик ҳолатдан безовта бўлиб, республика махсус комиссиясига ҳам эътироз билдирдилар. Шунингдек, давлат раҳбари жойларда карантин тадбирларини ташкил этишда тегишли чоралар кўрилмаётгани тўғрисида жуда қаттиқ безовта бўлиб айтдилар», деди А.Арипов.

Тадбирда жорий йил 18 апрелдан карантин қоидалари янада кучайтирилиши маълум қилинди.

Боғча ва мактабларда касалланиш ҳолати аниқланган тақдирда, уларнинг фаолияти зудлик билан тўхтатилади ҳамда 2 ҳафтага карантинга олинади. Ушбу вақт мобайнида улар онлайн тартибда фаолият юритади.